«Газли» кони ўзининг 65 йиллигини кенг нишонлади
Бухорода Ўзбекистоннинг энг йирик газ конларидан бири бўлган «Газли»нинг 65 йиллик юбилейи нишонланди.
1956 йилнинг 17 октябр куни Бухородан 90 км шимоли-ғарбда, 600 метр чуқурликдаги 1-сонли қудуқдан илк бора кучли газ оқими олинди.
Ўша пайтда «Газли» СССРдаги энг йирик газ конига айланди. Ўз захиралари бўйича у дунё бўйича биринчи ўринлардан бирини эгаллаб, ишлашнинг жуда қулай шароитлари билан, яъни газга бой қатламларнинг юқори қуввати ва газ унчалик чуқур жойлашмагани билан ифодаланар эди. Бундан ташқари, «Газли»га янги газ конлари туташиб, янги истиқболларни очарди ва мамлакатнинг ривожланиш стратегияси ва иқтисодий мақсадларига тўла мос келарди.
«Газли» конининг очилиши янги газ ва нефт қазиб чиқариш базасини яратиш ва мамлакатнинг ёқилғи-энергетика мувозанати тузилмасини сезиларли даражада яхшилаш имконини берди.
1959 йилда собиқ иттифоқ газ саноати вазирлигининг «Бухоронефтгаз» нефт қазиб чиқариш саноат бошқармаси тузилди. Янги корхона ўзбек газ индустриясига пойдевор қўйди. Бир йилнинг ўзида 50,5 млрд куб. м табиий газ қазиб олинди. 1960 йилга келиб Ўзбекистон саноат ва аҳолининг маиший эҳтиёжларини таъминлаш учун қазиб олинадиган табиий газнинг улкан захираларига эга республикалардан бирига айланди.
Газлининг янги тарихи
2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» АЖ олдига газ омборининг фаол ҳажмини 3 млрд куб метрдан 10 млрд куб метргача оширишга доир лойиҳани тайёрлаш вазифасини қўйган эди.
2018 йилда Петербург халқаро иқтисодий форуми давомида «Форус» ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида лойиҳа олди ҳужжатларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, «Газли» ер ости газ омборини кенгайтириш ёки реконструкция қилиш орқали сақлаш қувватини босқичма-босқич ошириш ва ҳамкорликда фойдаланиш бўйича қўшма корхона ташкил қилишни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бугунги кунда Бухоро — Урал, Ўрта Осиё — Марказ ва Газли — Чимкент магистрал газ қувурларига эга «Газли» кони юртимиз газ-транспорт тизимининг юраги ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистондан Уралга, Россиянинг Европа қисми, Қозоғистон жануби ва Хитойга газ экспорт қилиш имконини бермоқда.
«Газли» кони юбилейи муносабати билан ташкил этилган тадбирда Газли «Gas Storage» компанияси ходимлари, коннинг фахрий ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзлитинефтегаз» АЖ ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
«Gas Storage» компанияси вакиллари узоқ йиллар «Газли» конида меҳнат қилган фахрийларни қутлаб, уларга эсдалик совғаларини топширишди.
Тантанали тадбир очилишида «Ўзлитинефтегаз» АЖ раиси Улуғбек Назаров сўзга чиқди. Йиғилганларга коннинг 1956 йилда бошланган бой тарихи ҳақида эслатиб ўтди. Ўз нутқида Улуғбек Султанович «Газли»да ишлаган барча ходимларнинг хизматларини тилга олди.
Тадбир давомида йиғилганларга табрик сўзи билан Бухоро вилояти Ромитан тумани хокими Хуршид Тохиров юзланди:
«Барча йиғилганларни ҳокимият ва шахсан ўз номимдан табриклайман. Ҳаётимизни нефт ва газсиз тасаввур қилиш мушкул. Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлиги остида соҳага катта инвестициялар жалб қилинмоқда. Ўтган йили газни қайта ишлаш заводи ташкил этилган эди, нефт ва газ соҳасидаги инвестиция муҳити яхшиланмоқда ва инвесторлар учун катта имкониятлар яратилмоқда».
Ҳоким шунингдек Газли «Gas Storage» компанияси томонидан 2035 йилгача 850 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилиниши режалаштирилаётгани, натижада бизнинг бу борадаги салоҳиятимиз янада ортишини таъкидлади. Нефт ва газ соҳаси ривожи мамлакат учун жуда муҳим ва бу борадаги ишлар давом эттирилиши айтиб ўтилди.
Тадбир давомида кон фахрийлари ҳам сўзга чиқди. Уларнинг орасида Олимжон Закиров, Ғани Икрамов, Неъматжон Обидов, Кенжибай Эрдашев ва бошқалар ҳам бўлди. Фахрийлар шунингдек конда меҳнат қилган йилларига оид хотиралари билан ўртоқлашдилар ва «Gas Storage» раҳбариятига кўрсатилган эътибор ҳамда байрамона кайфият учун миннатдорлик изҳор этдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter