«Футбол қироли» Пеле 80 ёшга тўлди
Бугун афсонавий бразилиялик футболчи Пеле 80 йиллик юбилейини нишонламоқда. Эдсон Арантис ду Насименту — Пеле 1940 йилнинг 23 октябрь куни таваллуд топган.
Пеле футбол тарихида уч карра жаҳон чемпиони бўлган ягона инсон: Бразилия терма жамоаси сафида 1958, 1962 ва 1970 йилларда мундиални ютган. Терма жамоада ўйнаб, 77 та гол урган, бу ҳам мутлақ рекорд.
1969 йилнинг 19 ноябрь куни Пеле ўзининг 1000-голини урган. Воқеа машҳур «Маракана» стадионида юз берган, Пеле ўн бир метрликни голга айлантирганди. Умуман олганда, «қирол» фаолияти давомида 1363 та ўйинда 1289 та гол муаллифи бўлган.
Бразилиянинг «Сантос» ҳамда АҚШнинг «Нью-Йорк Космос» жамоаларида тўп сурган. Футболдаги фаолиятига 1977 йили нуқта қўйган. 1995 йилда эса Бразилия спорт вазири этиб тайинланган.
1999 йили Халқаро олимпия қўмитаси Пелени аср спортчиси деб топди, 2000 йилда ФИФА уни XX асрнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter