Гап бошқа, амал бошқа-ми? Нарпайдаги бошбошдоқлик ва ҳуқуқнинг поймол қилиниши ҳақида
Қонунларимизга гап бўлиши мумкинмас. Хусусан, инсон ҳуқуқларига боғлиқ барча ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган меъёрлар, айтиш керак, унча-мунча баҳслардан холи. Бироқ, Президентимиз айтганидек, қонун қабул қилиниши бу – ишнинг ярми. Гап унинг амалдаги ижросида. Шундан кейингина қонун устуворлиги ҳақида баралла гапириш мумкин бўлади.
Бугун фуқароларнинг ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида очиқ-ошкора мурожаат қилишга кенг имкониятлар берилган. Бундан ташқари, пойтахтдаги катта-кичик раҳбарларнинг куни вилоят ва туманларда ўтмоқда. Мақсад – халқ билан яқин бўлиб, уларнинг дардига малҳам бўлиш. Бу борадаги ижобий натижалардан кўз юмуш ношукурлик бўлади, албатта. Шунга қарамай фуқароларнинг азр-шикоятлари камайиб қолаётгани йўқ. Бу жараёндаги энг ажабланарли ҳолат шундаки, аксарият фуқаролар кимдан ёки қайси ташкилотдан шикоят қилса, арзнома ўшаларнинг ўзига юборилишидир! Бундай ҳолатда муаммога ечим топилиши эҳтимоли жуда паст экани «икки карра икки – тўрт»дек аён. Рост-да, қайси амалдор ўзининг устидан ёзган фуқарони алқаб, раҳмат айтиб, дардига малҳам бўлиши мумкин?!
Буни Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани мисолида кўриб чиқсак.
Сир эмас, мамлакатимизда қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аҳолининг турмушини яхшилаш, уларнинг бандлиги масаласи давлатнинг алоҳида эътиборида турибди. Қишлоқ аҳолиси учун асосий иш ҳам, даромад манбаи ҳам асосан битта – ер! Бошқа туманлар қатори Нарпай тумани аҳолисига ҳам маълум миқдорда ер ажратилган бўлиб, ундан асл деҳқонлар уч мароталаб, айримлари баҳоли-қудрат фойдаланиб, оила аъзолари билан ишлаб, рўзғор тебратиб келишаётган эди. 2018 йил январ ойининг иккинчи ярмида Нарпай тумани ИИБ ходимлари (!) томонидан ўзларига бириктирилган ҳайдов техникалари билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа учун берилган ер майдонлари... тўсатдан шудгорлаб ташланди!
Ер эгаларининг ўсиб турган қишки экинлари сўроқсиз, олдиндан огоҳлантиришсиз пайҳон қилиниб, очиқчасига тортиб олинди. Еридан ажраб қолган деҳқонларга ерни қайта ҳайдаш, экишда бирорта техника берилиши таъқиқланди. Ҳатто шахсий трактор эгалари ҳам бирма-бир огоҳлантирилиб, кимда-ким ўзининг шахсий ер майдонидан ташқари бошқа шахснинг деҳқон хўжалиги ёки томорқасига ишлов берса, техникаси олиб қўйилиши билан таҳдид қилинди. Шу тариқа январ ойида бузиб ташланган ер майдонларига аҳоли томонидан ишлов бериш, экин экишга қилинган қаршилик туфайли апрель ойига келиб, фермерларга мажбурий пахта эктириб ташлашди.
Савол туғилиши табиий: оддий ҳеч қурса огоҳлантириш, нималарнидир тушунтириш ўрнига ернинг зўрлик билан тортиб олинишини қандай тушуниш мумкин?
Нега бу ишга айнан ИИБ ходимлари жалб этилди?
Қизиғи, Нарпай аҳолисининг вилоят, республика миқёсида турли идораларга ёрдам сўраб қайта-қайта қилган мурожаатлари айнан шу ишни бошида турган туман мутасаддиларининг ўзларига юборилмоқда. Аввало, халқнинг арз-додини эшитиш, ер қонуний қайтарилгани ёки ўзбошимчалик билан тортиб олинганига ҳуқуқий баҳо берилмасдан, пайҳон қилинган экинларга агрохулоса бериш, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш масаласи очиқ қолмоқда. Бугунга қадар шунчаки тил учида, юзаки жавоб хатларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирга қадар бу ҳолатга асосли ойдинлик киритилганича йўқ. Жавоб хатларидан кўринишича, ер эгаларининг юқори турувчи идоралар, ҳатто Президент девонига қилинган мурожаатлар ҳам асосан вилоят масъулларига, вилоятдан Нарпай тумани ҳокими, асосан туман прокурори эътиборига ҳавола этиб келинган.
Ўз навбатида, туман прокурори ушбу масалани кўриб чиқишни сўраб бир гал туман агросаноат бошқармасига, бошқа сафар туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбарига ўтказиб, шу тариқа мурожаатларга таги пуч жавоб хатлари юборилиб келинган. Ушбу масала юзасидан адлия вазирлигига қилинган мурожаатлар ҳам Самарқанд вилоят прокуратурасига ўтказиб юборилган ва кейин вилоят прокуратураси туман прокурорига, туман прокурори яна...
Яқинда Ўзбекистон тенгсизлик даражасининг пасайишига мойиллик индексида жаҳоннинг 157 та давлати ичида энг охиридан битта олдинги ўринни эгаллагани, бу борада фақат Нигериядан ўзилгани эълон қилинди. Мамлакатимизнинг бу даражада пасайиб кетиши кам таъминланган меҳнаткашларни эксплуатация қилиш ва уларнинг ҳуқуқини поймол қилишга изн берилиши билан изоҳланади. Бу кўрсаткич ким ва ниманинг ҳисобига кўтарилиши ёки тушишини англаш қийин эмас.
Гап бир ёки бир неча босар-тусарини билмай қолган бой-бадавлат кимсалар ҳақида эмас, асосан аҳолининг энг ночор, камбағал қатламига мансуб бўлган юзлаб-минглаб оддий меҳнаткаш деҳқонлар тақдири ҳақида кетаётганини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Сирожиддин Рустамов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter