Ғалла-2018. Дон сотиш режасини биринчи бўлиб бажарган вилоят маълум
Бухоро вилояти ғаллакорлари Ўзбекистонда биринчи бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўртача ҳосилдорлик 60 центнерни ташкил этди. Буғдой майдонлари ўтган йилга қараганда бир мунча қисқарган бўлса-да, ялпи хирмон салмоқли бўлди. Ўтган йил кузда вилоят ғаллакорлари 63,1 минг гектар ерда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос «Краснодар – 99», «Васса», «Гром» каби эртапишар ва серҳосил навли уруғларни оби-тобида экиб, ундириб олди.
Вилоятда дон ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш учун 384 оператор ва унинг ёрдамчиси хизмат кўрсатадиган 192 отряд ташкил этилди. Далалар ўримга пухта тайёрлангани ва ишнинг оқилона ташкил этилгани комбайнларнинг унумли ишлашини таъминламоқда.
Эътиборлиси, бу йил ўтган мавсумдагидан анча қисқа, яъни ўн етти кунда шартнома режаси бажарилди. Бунда Вобкент, Пешку, Ромитан, Жондор, Қоровулбозор каби туманларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ўриб олинган 24 минг 530 гектардан зиёд майдонда ўртача ҳосилдорлик 60 центнерни ташкил этди.
Вилоятдаги ғалла етиштирувчи 3 минг 583 фермер хўжалигининг 2400 га яқини давлатга дон сотиш шартнома режасини ошириб бажарди.
Вилоят ғаллазорларида комбайнлар тўла қувват билан ишламоқда. Улар яна 37 минг гектардан зиёд майдондаги ҳосилни яқин кунларда йиғиштириб олишни ниҳоясига етказади. Буғдойдан бўшаган майдонларнинг бир қисмига мош, ловия ҳамда озуқабоп экинлар экилмоқда. Бу тўкинчилик, қўшимча даромад дегани.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter