Cел келган вақтда қилиш лозим бўлган ўн муҳим қоида
АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлим бошлиғи Мавлон Юнусов сел ва сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Сел оқимлари 85 фоиз ҳолатда жала ёғиши, 4 фоиз ҳолатда тоғ қорларининг эриши, 1,3 фоиз ҳолатда тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзаларининг ўпирилиши натижасида юзага келиши мумкин.
Сел хавфи мавжуд ҳудуларда аҳолига қуйидагилар тавсия этилади:
1. Тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд худудларда яшайдиган фуқароларимиз Узгидромет, Хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати, ФВВ ва маҳаллий хокимликлар вакиллари орқали ўзи яшайдиган уйнинг сел келиш, тошқин ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудда эканлиги бўйича маълумотларга эга бўлиши ҳамда уларнинг тавсияларига қатъий амал қилиши лозим.
2. Тошқин, сел ва кўчки хавфи инсонларнинг ҳаёти, соғлиги ва моддий бойликларга хавф туғдиришини доим ёдда тутиш керак.
3. Сел оқимларида ҳудудида фақат қочиб қутилиш мумкин, сел оқими жуда тез шаклланиши сабабли, турли баландликлар, тепаликлар ёки дарахтларга чиқиб сақланиш мумкин. Унинг давомийлиги 3-5 соатгача етиши мумкин.
4. Адирликлар, тоғ ён бағирларини ўзбошимчалик билан ерларни ўзлаштиришмаслик, у ерларда агротехник тадбирлар қоидаларини бузмаслик лозим.
5. Сел омборлари, сел йўллари ва кўчки хавфли ҳудуларда уй-жой ва бошқа объектларни қурилишига йўл қўймаслик керак.
6. Ҳудудларда иригация тизимлари объектлари, сел омборлари ва бошқа сув тизими объектларидан қонунга хилоф равишда сув олиш ёки бошқа мақсадларда дамбаларига зарар етказмаслик лозим.
7. Сел хавфи эълон қилинганда имкон борича мазкур ҳудудларга дам олиш ва бошқа мақсадларда харакатланмаслик.
8. Аҳоли хонадонлари ва уйларида мавжуд сув ўтказгичларни доимо тозалаб, шай ҳолатда сақланишига эътибор қаратиш.
9. Сел оқимлари йўлида ўзбошимчалик билан дарахтзорлар ташкил этмаслик.
10. Сел хавф мавжуд худудларда болалар ва қарияларни қаровсиз қолдирмаслик мақсадга мувофиқдир.
Гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат 152 та назорат-кузатув постлари негизида қўшимча штаблар ўз ишларини давом эттирмоқда.
Уларнинг таркибидаги ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан 300 нафар, Ички ишлар бошқармаларидан 113 нафар, шунингдек Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Гидрометеорология хизмати марказининг мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларининг туну-кун навбатчилиги олиб борилмоқда.
Тошқин сувлари, сел оқимлари ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ хавфлар юзага келганда республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган тезкор штабларга 101, 1050 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter