«Ҳисорак»да йўлларни сел ювиб кетди, М-39 халқаро трассасига сув тошди
Бугун, 3 май куни республикамизнинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келди.
ФВВ хабарига кўра, Қашқадарё вилояти Шахрисабз тумани «Ҳисорак» ҚФЙ ҳудудда ёғиб ўтган ёғингарчилик тепаликларидан қум аралаш шағалларни ички йўлларга ювиб туширган. Ҳодиса оқибатида аҳоли хонадонлари, уларнинг мулкларига зиён етмаган.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида қисқа муддатли ёғиб ўтган ёмғир ёғиши натижасида туманнинг «Мачай», «Юқори Мачай» ва «Дарбанд» қишлоғида қисқа муддати сел оқими кузатилган. Сел сувлари «Мачай», «Юқори Мачай» қишлоқларининг ички йўлларига ҳамда «Дарбанд» қишлоғи ҳудудидан ўтган М-39 «Тошкент-Термиз» халқаро автомобил йўлига тошган.
Сел сувлари оқибатида аҳоли хонадонлари, итимоий обектлар ва коммуникация тармоқларига зарар етмаган. «Тошкент-Термиз» халқаро автомобил йўлида транспорт воситалари қатнови тўхтатилмаган.
Шунингдек, Сариосиё тумани тоғли ҳудудининг «Хонжиза» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Хурсандсой» сойида сув ҳажми ортиб, сой четига ўрнатилган 2 дона, 110 кВт кучланишли метал конструксияли устунлар остини ювиши оқибатида ушбу устунларни ёнбошга йиқилишига олиб келган. Айни вақтда ушбу электр устунларини демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда хавфсизлик нуқтаи назардан вақтинчалик электр таъминотидан узилган. Ҳолат «Хонжиза» обект электр таъминотига таъсир кўрсатмаган, фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, «Сангардак» сойи тепаликларидан оқиб тушган ёмғир сувлари тупроқ ва қум-шағалларни ички йўлларга оқизиб келган. Йўлларда тўпланган лойқа ва қум-шағаллар махсус муҳандислик техникалари ёрдамида тўлиқ бартараф этилди. Ёғингарчилик оқибатида аҳоли хонадонлари ва уларнинг мулкига зиён етмаган.
Эслатиб ўтамиз, Гидрометеорология хизмати маркази 3-5 май кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter