Фоторепортаж. Оролбўйига саёҳат якуни
![Фоторепортаж. Оролбўйига саёҳат якуни](https://static.xabaruz.com/crop/9/5/720_460_95_959774358.jpg)
Европа иттифоқи молиялаштирилаётган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши ҳамда туман ҳокимликлари қўллови ва иштирокида ташкил этилган Оролбўйи ҳудуди ва Орол денгизига саёҳатимизнинг учинчи куни яна бир бор денгиз бўйига бордик. Бу гал Орол бизни қадрдонлардек тўлқинланиб кутиб олди.
Кутилмаганда (ёмғир ёғмаган бўлса-да) осмонга камалак ёйилгани эса барчамизни ҳайратга солди.
Оролнинг ҳозирги аҳволи, тарихи ҳақида ёзишни ҳамда ҳудудда юз берган вазиятдан хулоса чиқариб, фожиа асоратларидан ҳудуд фойдаси учун фойдаланиш йўллари ўйлаб топилаётгани ва албатта сувдан тежаб фойдаланиш ҳақида бонг уришни кўнглимизга тугиб Орол билан хайрлашдик...
Кемалар қабристони
Саёҳатимиз бир пайтлар порт-шаҳар бўлган, энди эса кемалар қабристони жойлашган Мўйноқда ўз якунига етди.
Денгиздан кейин менга энг қаттиқ таъсир қилгани ҳам айнан шу кемалар қабристони бўлди.
Занглаган кемалар ёнида турар эканман, бир пайтлар денгиз мавжланган, сув жониворлари яйраб яшаган, сув ўтлари барқ уриб ўсган денгиз тубида эканимни ўйлаб кўнглим бузилди.
Шундай қилиб юртимизнинг энг шимолий ҳудудига қилган сафаримиз ниҳоясига етди. Ўйлашимча, Оролбўйига саёҳат қилиш, ҳудудда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш учун етарлича сабаблар бор.
Бу ерда дунёнинг бошқа ҳеч ерида учрамайдиган табиат манзарасини, каньонлар, чинклар, қадимий қабристонлар, саксовулзор, Миздакхон тарихий обидалар мажмуаси, Мўйноқ ўлкашунослик музейи ва энг асосийси фахримиз бўлмиш Оролни ўз кўзингиз билан кўришга муяссар бўласиз.
Агар менинг саёҳат кундалигим кимдадир саёҳатга иштиёқ уйғотган бўлса, демак, сафарим бесамар кетмапти.
Дилфуза Собирова
Тошкент-Нукус-Тошкент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter