Фото. Самарқандда авария ҳолатидаги яна бир мактаб борлигини биласизми?
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали жойлардаги аҳоли муаммоларини ўрганишда давом этади. Таҳририятимизга Самарқанд вилояти Иштихон тумани Миришкор маҳалласидан мактуб келди. Уни эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Мен шуни сизга маълум қиламанки, Миришкор қишлоғида жойлашган 52-умумталим мактаби биноси 1969 йилда 160 ўқув ўринга мўлжалланган ва қўшимча пахсадан қурилган бўлиб, буфет ва кутубхона яна 2 та хона авария ҳолатида.
Мактабда 340 дан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Мактаб биносида, ҳудудида қўшимча бино ва хоналар (спортзал, ошхона, кутубхона, буфет, ўқитувчилар хонаси, директор хонаси, етакчи хонаси, меҳнат хонаси, физика, кимё-биология лаборатория хоналари ва информатика хонаси йўқ). 2014 йилдан 2017 йил декабрь ойигача маҳалла оқсоқоллари янги мактаб қуриб беришларини сўраб, жуда кўп жойларга мурожат қилишган (Иштихон туман ҳокимлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Халқ қабулхонасигача). Қурилиш ишлари номига бошланган эди, лекин мактаб ҳудуди очиқ, девор ёки панжара билан ўралмаган. Ҳозирги кунда замонавий мактаб қандай бўлишини қураётганлар ҳам, бунга мутассади раҳбарлар ҳам билишмайди чоғи.
Шу муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз. Маҳалла аҳли, ўқитувчи ва ўқувчилар амалий ёрдам кўрсатилишини истайди, замон талабидаги мактаб қурилишини хоҳлайди. Ҳозирда қурилаётган ўқув биноси бу муаммоларни ечишга ёрдам беролмайди».
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ушбу муаммони ўрганиш учун мазкур ҳудудга ўз мухбирини юборади ва воқеа жойидан ҳақиқий тафсилотларни ёритади. Бизни кузатишда давом этинг!
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Энам яхши-2» қишлоғида жойлашган хароба мактаб ҳақида хабар берган эдик. Ушбу мактаб аҳволи ҳақида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовдан ҳам сўраган эдик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter