Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарзандларимизни оғир иқлим шароити кутмоқда

Фарзандларимизни оғир иқлим шароити кутмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирадилар.

Ушбу маълумотларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хельга Шмид  келтирди.

Иқлим инқирозига ечим топиш давримизнинг кечиктириб бўлмас устувор вазифаси эканини ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, у вакиллик қилаётган минтақаларнинг ўзида 198,5 миллион нафар бола экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ турли таҳдидлардан азият чекмоқда.

«Zamin» фонди ва ЮНИСЕФ томонидан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб гибрид форматда «Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» мавзусида ушбу халқаро форумда «Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам нутқ сўзлади.

— Ўзбекистоннинг Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилганини чин дилдан олқишлаймиз. Бу муҳим қадам, мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгиси. Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт.

Биз  шунчаки қараб тура олмаймиз. Ҳар биримизнинг ҳиссамиз, табиат учун қилган ҳар бир ҳаракатимиз барқарор атроф-муҳитга эришиш йўлида муҳим ўрин тутади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва аниқ амалларимиз билан ушбу мақсадга эришишимиз мумкин, – деди «Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси.

Қайд этилишича, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида ушбу декларацияга қўшилган биринчи давлат бўлди.

Декларацияда ҳукуматларнинг иқлимга доир сиёсатда ва ҳаракатларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча даражаларда изчил ҳисобга олиш борасидаги қатор мажбуриятлари акс этган.

— Лекин муаммо шундаки, ушбу ҳуқуқ ҳақидаги илҳомбахш гаплар ва бутун дунёдаги миллионлаб болалар кундалик ҳаётида дуч келаётган воқелик ўртасида катта тафовут мавжуд. Ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда; юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти; болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби токсик кимёвий моддалар таъсирини бошидан кечирмоқда, – деди БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит масалалари бўйича махсус маърузачиси Дэвид Р. Бойд.

Экологик таҳдидларга қарши туриш учун ечимлардан бирини БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) Ингер Андерсен таклиф қилди:

— Биз бирлашиб, иқлим, табиат ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича барча дастурларни бирлаштириш учун зарур чоралар кўришимиз лозим. Атроф-муҳитни назорат қилиш бўйича қўлимиздан келган энг салоҳиятли сифат стандартларини белгилаш ва жорий қилишимиз керак. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳаракатларини илгари суриш учун кесишув нуқталарини топишимиз керак. Токи ёшларнинг овози эшитилсин. Сайёрага зарар етказишдан олинган молиявий оқимлар унинг фаровонлигига йўналтирилсин. Болаларимизга барқарор келажак ҳуқуқини тақдим этиш учун зарур барчасини қилишимиз лозим, – деди у.

Маълумот учун: Бутунжаҳон болалар куни 1954 йилда эълон қилинган ва ҳар йили 20 ноябрь куни нишонланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг