Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Ғаниев Водилда сайёр қабул ўтказди

Шуҳрат Ғаниев Водилда сайёр қабул ўтказди

Фото: Халқ билан мулоқот

Фарғона тумани, Водил қишлоғида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев фуқароларнинг мурожаатлари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ҳамда туман ҳокимлари иштирок этди.

Сайёр қабул давомида Олтиариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ, Қува, Фарғона, Сўх туманлари ҳамда Марғилон, Қувасой, Фарғона шаҳарлари фуқароларининг мурожаатлари ўрганилди.

300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган қабул давомида ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр симёғочлар ўрнатиш ва эскирган трансформаторларни алмаштириш, имтиёзли кредит олиш, суюлтирилган газ баллонлари ажратилиши, соғлиқни сақлаш ва ногиронлик аравачалари билан таъминлаш, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга оид 200 га яқин мурожаат қабул қилинган.

Фото: Халқ билан мулоқот

Жумладан, Фарғона тумани, Оқбилол қишлоғида яшовчи 83 ёшли Фозилжон Ҳилолов кўзи ожиз умр йўлдоши учун ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилди. Шу ернинг ўзида унга аравача ва моддий ёрдам берилган.

Фарғона шаҳри, Қиргули мавзеси, Фарғона кўчасидаги квартирада вақтинча истиқомат қилувчи Шокиржон Қосимов оиласи уй-жойга муҳтожлиги учун ёрдам сўраб ҳоким қабулига келган. Қувасой шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур мурожаат ўрганилиб, Қосимовлар оиласига 1 хонали уй ажратилди. Уй тез орада зарур анжомлар билан жиҳозлаб бериладиган бўлди.

Фарғона тумани «Оқтош» МФЙ раиси Содиқжон Мирзаев маҳалла йўлини капитал таъмирлаш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари ўтган қабристонни зиёрат қилишдаги қийинчиликлар масаласини кўтарди.

Қабул доирасида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилинди. Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва китоб кўргазмалари ўтказилди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг