Эрини «йўқотган» аёл...
Кўпчилик оилалар ташқаридан қараганда оиладек кўрингани билан ичи дарз кетган. Ўзаро муносабатларда бегоналик ҳисси яшайди. Қўполроқ айтганда, бир том остида яшашларигина уларнинг оила эканлигидан далолат беради. Аёл кишида мақтовга арзирли, кўнгил қувонадиган фазилатлар бисёр. Бироқ оилада нотинчлик, зиддиятлар келиб чиқишида бевосита аёлнинг роли ҳам, масъулияти ҳам, эркакникидан кам эмас.
Бундай эркаклар қаердан пайдо бўляпти?
Ҳозирда кўпчилик аёлларни қийнаётган муаммолардан бири оилада эркакнинг халқимиз тили билан айтганда «топармон-тутармон» эмаслиги. Ёки хотинининг топганини еб, кўчада ялло қилиб юрувчи эркакларнинг кўпайиб кетаётганлиги бўлиб қоляпти. Уларда ғурур, ҳамият ҳисси йўқми? Бу эркакларни оналари шундай тарбиялаганми, ёки уйлангач, шу ҳолатга тушдиларми? Яна ўша мақолга қайтамиз: Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин. Эй аёллар, эрингизнинг тарбияси аввалдан яхши бўлмаганлигини, онаси тарбиялашда катта хатоларга йўл қўйганини иддао қилишга шошилманг. Онаси сизга қўлидан келганича вояга етказиб, тарбиялаб, ўзида борини бериб топширган. Оналарнинг фарзандлари борасида ўзларига қандай талаблар қўйишини она сифатида яхши биласиз деб ўйлайман. Демак, қолгани сизнинг зиммангизда. Эрингизнинг бошқа аёлга илакишиб қолганини билганингизда дарҳол унинг аслида зоти паст, ахлоқи бузуқ эканлигига ўзингизни ишонтиришни бошлайсиз. Ҳамма хато шу нуқтада аслида. Кошки ўзингизни ислоҳ қилиш ҳақида қайғурганингизда эди...
Эркакнинг хатосини қўйиб, мен қаерда хато қилдим дея фикр юритсангиз хатолар тўғирланишга тушади.
Эркакни руҳан синдирдингиз!
Ҳа, айнан шундай. Эслайсизми, эрингизнинг озгина иши юришмай, чўнтаги бўшаганида ҳою-ҳавасларингиз сизга тинчлик бермаганидан ўзингиз пул топишнинг йўлларини излагандингиз? Дугонангизда кўрган янги кўйлакни кейинроқ олиб бераман, ҳозирча камроқ харажат қилиб турайлик деганида икки кун аразлаб онангизникига кетганингиз ёдингиздами? Битта нон кўтариб келганида «Иккита олишга ақлингиз етмадими?» деб жеркиб берганларингиз-чи?
Пул топиш учун минг хил хаёлда юрганида уйга келганиданоқ ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ деб қисталанг қилаверганингизда эркакнинг қадди букилиб, руҳан синишни бошлаганини сезганмидингиз? Ҳар битта кесатиқ ва пичингларингиз унинг алпдек қоматини бир баравар ерга кўмаётганини шуурингиз ҳис қилганмиди? Ёнида ширин сўз ва тасалли билан руҳан қувват бўлиб туриш ўрнига ҳамма юз ўгирганидек сиз ҳам терс қараганларингизни бир эсланг. Йўқ, сиз ўзингизча ҳақ эдингиз. Ҳаммаси тез рисоладагидек бўлиши лозим эди. «Лаллайган эр» ҳеч нима қилиб беролмаслигини «тушундингиз» ва кўчага отландингиз. Пул топа бошладингиз. Энди гўё болангиз янги курткада бахтли, қозонингизда ҳар кун гўшт қайнайди.
Кўнглингиз тинчигандек бўлди. Лекин... лекин... ҳаловат топмадингиз, топмайсиз ҳам. Чунки бу нарсалар арслондек эрингизни ўз ихтиёрингиз билан чиябўрига айлантириш эвазига бўлди. Эркак руҳан синди, уни сиз синдирдингиз. Энди у лоқайд, танбал, ҳатто хотинининг топганини еб ётишдан орланмайдиган бир «ҳўкиз»га айланиб қолди. Рўзғордан барака учди, уйнинг «пири» бўлган эркак бурчакларда ўзини сездирмай яшай бошлади.
Энди сизнинг овозингиз баланд, ҳар бир сўзни чертиб, ўткиридан топиб гапирасиз. Бошингиз баланд. Болаларингизнинг қулоғига ҳам ўзингиз топиб едираётганингизни қуя бошлаганингиздан бери улар ҳам оталарини чорасиз, ҳеч нимани эплолмайдиган бир одам сифатида кўра бошлашган. Ўғилларингизни ўзингиз «тарбиялаган» эрдек қилиб улғайтираётганингизни сезмайсиз ҳатто.
Ҳамма нарсани бир четга қўйиб ўйлаб кўринга, аёл эркак учун бир тасалли, юпанч, ҳузур ва ҳаловат манбаи қилиб яратилганини. Сизнинг камситишларингиз соясида қолиб кетган эр қандай муваффақиятга эришади? Агар унинг кучли ва уддабурон эканлигини тез-тез таъкидлаб турсангиз дунёлари ёришиб, сизга талпинмасмиди?
Нима учун аёлларга алоҳида урғу бердик?
Сабаби, эндиликда майда уруш жанжаллардагина эмас, балки ваҳший қотилликларда, талон-торож ишларда аёллар ҳам эркаклардан қолишмаяпти. Ҳар икки жиноятнинг бирида бош қаҳрамонлар аёллар бўлиб чиқаётгани ниҳоятда ачинарли ва оғриқли ҳолат. Албатта, биз бу билан жиноят, ёмонлик эркакларга мумкин дейиш фикридан бутунлай йироқмиз.
Демоқчи бўлганимиз, аёл борган сари ўз нафислигини, номини, ғурурини қўлдан бой бериб қўймоқда. Қуйидаги мулоҳазаларимиз буни янада аниқроқ тавсифлайди. Инсон ер юзини обод қилиш учун восита қилиб яратилганлиги маълум. Аёл эса энг улкан мўжизани — инсонни дунёга келтирувчи қилинди. Эндиликда бу ҳаётбахш борлиқ ўз жонидан жон, қонидан қон берганларини ҳаётдан мосуво қила бошлаганига ишонгиси келмайди одамнинг. Инсонни энг олий қадрият, ер юзининг мукаррам борлиғи дейилади.
Нимаики бўлса, барчаси унинг яхши яшаши, тўкис умр кечириши учун қилинади. Инсон неча асрлар давомида ҳозирги тараққиётгача бўлган бунёдкорликларни ўз қўли билан яратди, тиришди, интилди ва минг афсуслар бўлсинки, ўзи яратган ободликни ўз қўли билан вайронага айлантира бошлади. Ҳа, бу бузғунчилик майда безориликдан тортиб қотилликкача етиб борди. Жумладан, 2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 192 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган. Бу каби жиноятлар ҳар куни турли ҳудудларда содир этилганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 19 ёшли куёв қайнотасини чопқи билан чопиб ўлдирган, аёлига ҳам оғир тан жароҳати етказган. Самарқандда ҳам эр аразлаб кетиб қолган хотинини ўлдирган. Сабаби аёлининг ишлаётгани деб кўрсатилади. Рашкчи эр аёлига 31 маротаба пичоқ урган. Фарғонада қайнота ўз келинини ўлдирган ёки Самарқандда ўғирлик жиноятини содир этаётганда унга гувоҳ бўлиб қолган иккита вояга етмаган болани ўлдириб ёқиб юборган аёлнинг ҳам жиноятларини бунга яққол мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.
Минг афсуслар бўлсинки, бундай қотиллик жиноятларини санасак охири кўринмайди. Одамлар нега бунчалик даражада ваҳший бўлиб кетди? Қотиллик сабаблари суриштирилганда айтилаётган, изоҳ берилаётган важ, баҳоналар бир инсоннинг ўлимига сабаб бўладиган даражада эмаслиги кўринади. Хўш, унда нега бутун бошли тирик бир инсон пашшани эзгандек осонгина ўлдириб юбориляпди?
Гувоҳи бўлаётганимиздек жанжаллар асосан оиладаги моддий етишмовчиликлар, оила аъзоларининг бир-бирини тушунмасликлари, сабр-тоқатнинг йўқлиги эканида кўринади. Наҳотки тирикчиликни ҳалол йўл билан қилишнинг имкони бўлмаса? Наҳотки биз яшашимиз учун албатта кимнингдир жон томирига болта уришимиз шарт бўлса? Аёл ва эркак ўртасидаги зиддиятларни хотиржам, тинч йўл билан ҳал қилиш ҳам мумкинку. Бундай йўл тутиш учун бизда ақл неъмати борку. Аслида ваҳший ҳайвонлардан инсонлигимиз мана шу ақлимиз билан фарқ қиладику.
Бизга ёқмаган фикрни айтган одамнинг ёқасидан олаверсак, қинғир ишларимизга халал берганларни ўлдириб юбораверсак, бу дунёда ким яшайди? Уни кимларга топширамиз? Жамиятнинг бир қисмини қабристонга, бир қисмини эса жазони ўташ муассасаларига жойлаштирамизми?
Аёл маслаҳатгўй, аёл суянчиқ(ми)...
Модомики, оиладаги тотувликка дарз кетаётган экан биз соғлом жамиятни, соғлом муҳитни қандай сақлаб қола оламиз? Бу йўлда аёл-у эркак баравар ҳаракат қилиши зарур. Эркак киши оиланинг раҳбари экан аёл унга маслаҳатгўй, яхши ёмон кунида ёнида суянчиқ бўлиши керак эмасмиди? Нега улар бир-бирига душман бўлиб қолишлари керак? Ҳаётнинг асл моҳияти ўзаро тушунишда эканлиги мана шу ўринларда яққол намоён бўлади.
Аёл бир гул, унинг ўрни гўзал бир боғу бўстонда. Совуқ симлар, темир панжаралар ортида маҳкумликка тушиш аёлга хос эмас. Кўзимизни каттароқ очайлик, ахир айтишадику бир ўғилни тарбия қилсанг, бир инсонни тарбия қилган бўласан, агар бир қизни яхши тарбия қилсанг, бутун бир жамиятни тарбиялаган бўласан деб. Демак, бир жиноятчи аёл дегани — бир жиноятчи жамият дегани. Аёлнинг ортида ундан андоза оладиган насл борлигини унутмайлик, чунки аёл — бу ОНА !
Нуриддин Зиё Турақулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter