ДХА директори хизмат олувчиларга мурожаат билан чиқди
Давлат хизматлари агентлиги ҳар бирингизни қадрлайди. Шу боис, бугунги мурожаатимизни Сизга бўлган самимий ғамхўрлик сифатида қабул қилишингизни сўраймиз.
Хабарингиз бор, бугун мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Шунинг учун ҳам, хизматдан фойдаланувчиларни ушбу вирусдан ҳимоя қилиш бизнинг олдимизда турган биринчи галдаги долзарб масаладир.
Бошқа шахслар билан ортиқча алоқаларни чеклаш, бугунги кунда энг самарали усул ҳисобланмоқда.
Шу боис, уйингизни муҳим зарурат бўлмаганда тарк этмасликни қатъий тавсия қиламиз.
Биз Давлат хизматлари марказлари фаолиятини тўхтатаётганимиз йўқ. Бор имкониятларимизни ишга солиб, ушбу мураккаб вазиятда ҳам зарур давлат хизматларини олиш имконига эга бўлишингиз учун ҳаракатдамиз.
Ходимлар билан кунлик тушунтириш ишлари олиб борилиб, белгиланган график асосида Марказ биноларида дезинфекция амалга оширилмоқда ҳамда зарур ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда.
Ушбу муаммоли жараённи енгганимиздан сўнг, иш вақтининг узайтирилган тартибида, шунингдек шанба кунлари ҳам Сизларга давлат хизматларини кўрсатишдан мамнун бўламиз.
Бироқ, ҳозирда вирус тарқалиши хавфини камайтириш учун, Давлат хизматлари марказига ташрифингизни бошқа вақтга қолдиришингизни сўраймиз.
Эътибор беринг! Марказларимиз орқали кўрсатилаётган аксарият хизматлардан онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали фойдаланиш мумкин.
Давлат хизматлари учун белгиланган божларни Ўзбекистонда ишлаб турган барча электрон тўлов тизимлари (клик, пэйми, осон ва бошқалар каби) орқали тўлаш мумкин.
Бундан ташқари, давлат хизматларини рақамли кўринишда олсангиз, Сизга белгиланган тўловнинг 10 % миқдорида чегирма тақдим этилади.
Давлат хизматларини электрон шаклда олиш мушкул эмас. Бир маротаба уриниб кўринг ва ўзингиз бунга амин бўласиз.
Юқорида айтиб ўтганларимизни тушунишингизга умид қиламиз.
Ўзингиз ва яқинларингизни асранг.
Халилилло Тўрахўжаев,
Давлат хизматлари агентлиги директори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter