Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёда 37 млн ОИВ билан касалланган инсонлар яшамоқда!

Дунёда 37 млн ОИВ билан касалланган инсонлар яшамоқда!

 ОИТС тўғрисида нималарни билишимиз керак?

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури (ЮНЭЙДС)нинг берган маълумотларига кўра дунё бўйича айни кунда 37 млн ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳисобга олинган. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон 20 — 49 ёшлилар ўртасида кўпроқ қайд этилиши билан ажралиб турибди.

ОИВ инфекцияси нима?

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор одам организмида унинг бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечади, бу давр айнан хавфлироқ бир неча ойдан 5 — 10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида, вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, ОИВни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари аниқланган. ОИВ инфекциясида одамнинг ташқи муҳит тажоввузидан ҳимояловчи иммунитет тизими меъёрда ишлаб турса, у йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Аммо, вақт ўтиши билан вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимини мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади.

ОИТС — «Аср вабоси»

Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) — бу одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичидир.

Касаллик қандай йўллар билан юқади?

Касаллик бир одамдан бошқа одамга асосан 3 хил йўл билан юқади:

— ОИВ билан зарарланган одамлар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда — жинсий;

— гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда — парентерал;

— инфекцияни юқтириб олган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғуруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали — вертикал йўл билан юқиши исботланган.

Касаллик белгилари қандай?

Вирус қонга тушганидан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8 —  10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Вақт ўтиши билан вируслар сони организмнинг ҳимояловчи хужайраларидан ортиб кетганидан сўнг дастлабки клиник белгилар: сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал; одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши; ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши; узоқ вақт ич кетиши (диарея); оғиз бўшлиғи ва турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари; хавфли ўсмаларнинг ривожланиши номоён бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликларнинг асоратлари туфайли азият чекадилар.

ОИТС бу ҳаёт тугади дегани эмас...

Дунёнинг кўп давлатларида ОИВ инфекциясига қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда ва яқин йилларда ушбу касалликдан бутунлай ҳоли қилувчи дори воситалари яратилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қувонарли томони шундаки, бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтириб олган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули — ретровирусга қарши терапия мавжуд. ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини — ретровирусга қарши препаратлар деб, унга қарши даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия (РВҚТ) деб юритилади. РВҚТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор қонида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни унинг таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг (СД4) сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради, ОИВ инфекцияли шахсни соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади.

1 декабр «Бутун жаҳон ОИТСга қарши кураш» куни

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни 1988 йилдан бошлаб дунё бўйлаб ҳар йили 1 декабр куни нишонланади. 2004 йилдан бошлаб мазкур сана Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш ташаббусининг Глобал бошқарув қўмитаси бутун дунё бўйлаб фуқаролик жамияти, ОИТСга қарши кураш соҳасида фаолият юритаётган турли ташкилотлар ва ҳукумат идоралари билан биргаликда ҳар йили Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунини нишонлаш муносабати билан муайян бир мавзуни белгилаб олиб, тегишли чора-тадбирларни ўтказиш амалиётини йўлга қўйган.

Республикамизда касалликнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ягона тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3493-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 22 июндаги ПҚ-3800 сонли Қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган тадбирлар натижасида сўнгги йиларда Республикада ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятда барқарорлашиш кузатилди.

ОИВ инфекцияси ва қон орқали юқувчи бошқа инфекцияларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида 2015 — 2017 йилларда гемоконтакт инфекцияларнинг олдини олишни янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси» амалга оширилди. Давлат дастурлари асосида даволаш-профилактика муассасаларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида ОИВ инфекциясининг парентерал йўл (инъекцион муолажалар орқали) билан юқиши кўрсаткичи йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Республикада ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишини олдини олиш бўйича тадбирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баённомалари асосида ташкил этилган. Унга мувофиқ, ҳар бир аёл хомиладорликнинг 14 ҳафтасидан жойлардаги тиббиёт муассаси томонидан назоратга олиниб, у ОИВга тиббий текширувдан ўтказилмоқда. ОИВ инфекцияси аниқланган ҳомиладор аёлга баённомада белгиланган муддатдан то туғуруқ амалга оширилгунга қадар вирусга қарши махсус профилактика дори воситалари берилади. Туғилган болага бир ой давомида вирусга қарши профилактик дори препаратлари берилади. Республикамизда ушбу тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши таъминланаётганлиги сабабли касалликнинг онадан болага юқиш кўрсаткичларининг кескин камайишига эришилди. Агар 2013 йилда касалликнинг ОИВни онадан юқиши 2,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 0,3 фоизни ташкил этди.

Республикада ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ОИВ инфекцияли шахсларни даволаш масалаларига бағишланган 14 та клиник протоколи миллий шароитларга мослаштирилди. Натижада ОИВ инфекцияси масалалари соҳасида тиббий хизматлар сифати яхшиланиб, махсус — ретровирусга қарши терапия билан қамраб олинган беморлар сони ортди. Бу ўз навбатида ОИВ инфекцияли беморлар ўртасида оғир оқибатларнинг ривожланиши ва ҳамда касалликнинг бошқа шахсларга юқишининг олдини олиш имконини бермоқда.

ОИВ инфекцияси билан хасталанган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида 60 ўринли махсуслаштирилган шифохона, Вирусология илмий текшириш институтида 30 ўринли бўлим фаолият кўрсатмоқда. Ушбу шифохоналарда 2013 — 2018 йилларда 7,5 мингдан ортиқ ОИВ инфекцияли шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Беш йил давомида ОИВ билан касалланган беморларни махсус вирусга қарши даволаш мақсадида Глобал Фонд лойиҳасининг 15,0 млн АҚШ доллари сарфланиб, юқори сифатли дори воситалари харид этилди.

ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда аҳолининг касалликка чалинишга мойил хулқ-атвордаги турмуш тарзини кечирувчи қатламлари орасида профилактика ишларини олиб боришнинг аҳамияти катта бўлиб, бу тадбирлар ўз навбатида Республикадаги вазиятга етарлича таъсир этади. Республика бўйича тиббиёт муассасалари қошида 140 та Ишонч хоналари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом» ижросини таъминлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида никоҳланувчи шахслар ОИВ инфекциясига текширувдан ўтказилмоқда ва касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олинмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзида шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда ихтиёрий равишда текширувдан ўтишлари мумкин. Бунинг учун республикамизнинг ҳар бир вилоятида ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИТСга ташхис қўйиш лабораториялари фаолият юритмоқда. «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан текширувлар текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. ОИВга текшириш натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, шифокорнинг сир сақлаши кафолатланади.

Азизбек Нишонов, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг