Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дубайда аёлларнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги роли муҳокама қилинмоқда

Дубайда аёлларнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги роли муҳокама қилинмоқда

Дубайда  Евроосиё фонди томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари учун «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» деб номланган халқаро форум бўлиб ўтмоқда. 

Мақсад – Ўзбекистон ННТларининг тинчлик ва хавфсизлик масалаларида гендер зўравонлик, одам савдосига қарши кураш, радикаллашувга қарши кураш бўйича салоҳиятини амалга ошириш. Энг асосий томони мазкур йўналишларнинг барчаси ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.

Форумда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» тўғрисидаги 1325-сонли  резолюциясини ННТлар фаолияти орқали  оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Венера Эрметова, мустақил эксперт:

— Ўзбекистон БМТнинг 1325 резолюциясида белгиланган ҳолатларни амалга ошириш бўйича масъулиятни ўз бўйнига олган. Мазкур резолюция ўз вақтида фуқаролик жамияти институтлари томонидан илгари сурилган эди. Форумда резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ННТлар нима қила олиши мумкин? Фавқулодда ҳолатлар, зиддиятларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан ногиронлиги бор инсонларга қандай ёрдам берилади, уларнинг эҳтиёжлари инобатга олинадими?  Форум қатнашчилари бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари бу борада ўзларининг келажакдаги адвокацион фаолиятини белгилаб олишди.

Бундан 23 йил олдин,  яъни 2000 йил 31 октябрда биринчи марта аёлларнинг можароларни олдини олиш, ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатишда муҳим иштирокисиз мустаҳкам дунёга эриша олмаслиги тан олинган ҳолда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» тўғрисидаги 1325-сонли  резолюцияси қабул қилинган эди. Ушбу асосий қарор аёлларни барча тинчлик ва хавфсизлик ташаббусларида гендер масалаларини амалга ошириш билан бир қаторда тўлиқ ва тенг иштирок этишга чақиради.

Ушбу резолюция аёлларни можароларни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида кўпроқ иштирок этишга, шунингдек халқаро ва миллий даражадаги етакчилик лавозимларида аёллар сонининг кўпайишига кўпроқ жалб қилишни талаб қилади.

Ўтган йиллар мобайнида БМТнинг 193 давлатидан 86 та давлатда резолюцияни амалга ошириш бўйича «Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди. Резолюция бўйича Ўзбекистон Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

Тинчлик ва хавфсизликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жараёнларида аёлларнинг иштирокини рағбатлантириш;

«Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» мавзуида билимларни чуқурлаштириш ва тарқатиш ва хабардорликни ошириш;

Фавқулодда вазиятларда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясини амалга оширишда фуқаролик жамиятининг иштирокини рағбатлантириш.

— Форум менга мотивация берди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамиятининг раиси ўринбосари Жарас Ганиев.  — Аввало дунёда гўзаллик, қулайлик ва бағрикенглик тамойиллари мавжуд, ногиронлиги бор инсонлар учун барча шароитлар яратилган Дубай шаҳрини кўриш, форум доирасида фуқаролик жамияти лидерлари бўлган «Опа сингиллар»  Қибрай тумани ногиронлиги бор аёллар жамиятининг раиси Наталья Плотникова,    «Раҳмдиллик» ННТ раҳбари Бибисора Орипова, Бухоро вилоятида фаолият юритувчи «Ойдин нур» ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази Шаҳноза Ихтиёровалар билан бирга бўлиш, тажриба ва фикр алмашиш, тренер ва экспертлардан билим ва куч олиш бўлди. Форум менга келажакда БМТнинг 1325-резолюцияси доирасида Қорақалпоғистонда амалга ошириш мумкин бўлган ишларни белгилаш бўйича аниқ кўрсатмалар олишга ёрдам берди.  Мен Туркияда, Молдовада бўлган форумларда ҳам қатнашганман. Аммо айнан бу форумда илк бор ногиронлиги бор инсонлар эҳтиёжлари ҳам инобатга олинганидан хурсанд бўлдим. Чунки Қорақалпоғистонда айнан мазкур йўналишда жуда кўп ишлар қилиниши зарур.

Форумда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини стратегик режалаштириш, аёлларнинг зиддиятлар трансформацияси ва экстремизмга қарши курашишда аёлларнинг қатнашиши, одам савдосига қарши курашишда ногиронлиги бор инсонлар муаммолари имплементацияси, ННТ тармоғи фаолиятининг адвокацияси борасида қатнашчиларнинг  билимлари оширилиб, «Аёл, тинчлик ва хавфсизлик» мавзусида ННТларнинг фаолият стратегияси ишлаб чиқилди.

Наргис Қосимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг