Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ва унинг ўринбосари ишдан олиндими?

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ва унинг ўринбосари ишдан олиндими?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита 2018 йилнинг 21 февралидан Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уйда фаолият олиб бормоқда.

Фото: «Religions.uz»

Кеча ижтимоий тармоқлар ва айрим хорижий сайтларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, унинг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Xabar.uz» мазкур хабарга ойдинлик киритиш мақсадида қўмитанинг матбуот хизмати раҳбари Бобур Усмонов билан боғланди.

Унинг билдиришича, ушбу хабарлар асоссиз. Айни пайтда қўмита раҳбарларининг ишдан олингани бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ.

«Бизга ҳам «Фейсбук»да шунақа мазмундаги маълумотлар тарқалгани ҳақида хабарлар етиб келган. Бироқ уларнинг барчаси асоссиз. Қўмита раиси ҳам, унинг ўринбосари ҳам ҳар доимгидай ўзларининг фаолиятларини давом эттиришмоқда» — деб хабар берди қўмита матбуот хизмати раҳбари.

Суҳбатимиз чоғида Бобур Усмонов агар бундай маълумотлар чиқса, албатта, қўмитанинг сайтида расман маълумот берилишини, шу боис бу каби гап-сўзларга ишониб қолмасликни сўради.

Эслатиб ўтамиз, Ортиқбек Юсупов 1960 йилда Тошкент шаҳрида тўғилган. 1983 йили Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги: шарқшунос-арабшунос. 1981—1982-йилларда Яман Халқ Демократик Республикасида араб тили бўйича малака оширган. Фалсафа фанлари номзоди.

1983—1986-йилларда ихтисослаштирилган мактабда араб тили ўқитувчиси, 1986—1990-йилларда Яман Республикаси Олий Халқ Кенгашида таржимон-референт, 1990—1997-йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институтида Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, 1997—1998-йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг «Жаҳон» ахборот агентлигида масъул ходим, 1998—2003-йилларда Президент девонининг Дин ишлари бўйича хизматида масъул ходим бўлиб ишлаган. 2003 йилдан Дин ишлари бўйича қўмитада халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, раис ўринбосари, Раис вазифасини бажарувчиси, ҳозир Дин ишлари бўйича қўмита раиси вазифасида фаолият кўрсатмоқда.

Қўмита раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев 1971 йили Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. 1993 йили Тошкент кимё-технология институтини тугатган. Меҳнат фаолиятини 1993 йили Тошкент вилояти Янгийўл биокимё корхонасида смена мастери лавозимида бошлаган. 2002—2004-йилларда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабида ўқиган. 2004—2014-йилларда Президент девони Миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича Давлат маслаҳатчисининг хизматида турли лавозимларда ишлаган. 2014 йилнинг ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг