Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Диана Еникеевани уриб юборган «КамАЗ» ҳайдовчисига чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолди

Диана Еникеевани уриб юборган «КамАЗ» ҳайдовчисига чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолди

Акром Элмуродов.

Фото: «Дарё»

Диана Еникеева иши бўйича «КамАЗ» ҳайдовчиси суд ҳукмидан норозилик билдиргани ва иш апелляция тартибида қайтадан кўриб чиқилиши ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 22 май куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Диана Еникееванинг бевақт ўлими ҳолати бўйча чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлиб, судланувчи Акром Элмуродов ва унинг ҳимоячиси томонидан апелляция тартибида келтирган шикояти асосида жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Суд мажлисида судланувчи ва унинг ҳимоячиси тайинланган жазони енгиллаштириб, уни қамоқдан озод қилишни ва моддий ҳамда маънавий зарар ҳажмини камайтиришни, ўз навбатида прокурор ва жабрланувчи Александр Еникеев суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Суд ҳайъати, тарафларнинг фикрларини тинглаб, шикоятдаги важларни жиноят иши материаллари асосида атрофлича ўрганиб чиқиб, судланувчи ва унинг ҳимоячисининг важлари суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Суд ҳукми 2018 йил 22 майдан қонуний кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, Диана Еникеева билан боғлиқ жиноят иши юзасидан Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 1 майдаги ҳукмига асосан судланувчи Акром Элмуродов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Элмуродовдан жабрланувчи Александр Еникеев фойдасига 19 782 500 сўм моддий ҳамда 25 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Акром Элмуродов 14 март куни соат 11:30 ларда, З.Исроиловга тегишли, техник жиҳатдан соз ҳолатдаги «Камаз 55111» русумли автомашинада амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7, 77-бандлари, 2-иловаси, 1.2-банди талабларини қўпол равишда бузган. У Каттақўрғон тумани «Алижон» маҳалласи ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлининг «Бухоро—Самарқанд» йўналиши бўйича бошқариб бориши давомида ўзининг йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиқ ёнида бўлган Диана Александровна Еникеевани кўрганидан сўнг унга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўрмасдан, бошқарувидаги автомашинани хавф пайдо бўлган вақтдан тормозлаб тўхтатиш ёки хавфсиз айланиб ўтиш имкониятига эга бўлса-да, ушбу чораларни кўрмасдан Еникеевани уриб юборган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг