Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутат аёллар иш вақтини қисқартиришни таклиф этди

Депутат аёллар иш вақтини қисқартиришни таклиф этди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Қодиров хотин-қизлар учун иш вақтини соат 16:00 гача қисқартиришни таклиф этмоқда.

Оила жамиятнинг термометридир, — дейди депутат. — Ундаги ҳолат жамиятнинг соғлиғини кўрсатади. Олимлар дунёда террористларни энг кўп «тарбиялаётган» қитъа Африка эканлигини айтмоқдалар. Сабаблари ўрганилганида ушбу қитъада оила институтининг инқирозга юз тутаётгани, етти ёшгача бўлган болалар оила меҳрини кўрмай улғаяётгани, тўйиб овқатланмасликдан юзага келадиган психо-нейрологик ва физиологик емирилиш оқибатида ёшларда агрессив хулқ одатийлашиб бораётгани ойдинлашган.

Мамлакатимизда амалдаги қонунлар бола тарбиясининг биринчи босқич даври масъулиятини оила институтига юклаган («Таълим тўғрисида»ги қонун, 11-модда). Лекин бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворининг дарз кетишига олиб келади. Болалар мактабдан қайтиб, уларга «туҳфа қилинган» эркинликдан билганларидек фойдаланадилар. Ота билан деярли бир пайтда ишдан келган она ҳам дам олишга бирдек ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Афсуски, айнан шу ҳолат 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Аёлсиз оилани мустаҳкамлаш мумкин эмас. Юқоридаги фундаментал муаммони бартараф этиш учун мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат қилиш фаолиятини белгиловчи нормаларга ўзгартириш киритиш зарур. Масалан, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса ўз ўрнида оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради.

Замонавий оила дунёвий ва диний билимларга эга бўлган аёл атрофида қурилиши керак. У нафақат жамиятга ҳалол ва соғлом фуқарони тарбиялаб беради, балки самарали меҳнатга тайёр, хотиржам, Ватан тараққиётини таъминлаши керак бўлган ходимни ҳам вазифасига кузатиб қўяди. Мамлакатимиз ривожини фаровон оиласиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, фаровон оилани оқила ва мукаррам онасиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг