«Том босиб қолишидан қўрқиб яшаймиз» — Деновда оғир аҳволда яшаётган оила тақдири
Таҳририятимизга узоқ Сурхондарёнинг Денов туманидан мурожаат келиб тушди.
«Мен Турсунова Тошойим, 1949 йилда туғилганман, Денов тумани, Нуристон маҳалласи, Алпомиш кўчасида яшайман. Пенсионерман. 2016 йилда автоҳалокатга учраб ногирон бўлиб қолдим. Икки қизим ҳам ногирон, улар ҳам фарзандлари билан менинг қарамоғимда яшамоқда.
Уй-жойим жуда ёмон аҳволда, нураб ҳароб аҳволга келиб қолган. Қиш кунларида айниқса қийналмоқдамиз. Мен-ку ёшимни яшадим, ортимдан қолаётган болаларимга ачинаман.
Ҳокимият вакиллари, маҳалла раиси билан ҳам гаплашганмиз. Ҳеч кимнинг ёрдам бергиси келмайди.
Бу ерда том босиб қолишидан қўрқиб яшаймиз. Деновда ҳар йили янги уйлар қурилиб топширилади. Шундан биттагина бизга ҳам ажратишса. Қулай шартлар билан берилса, нафақам билан бўлсаям тўлардим...»
Турсунова Тошойим истиқомат қилиши айтилаётган уй суратларини қуйида тақдим этамиз.
Ҳокимият:«Бу каби айрим оилаларда боқимандачилик кайфияти бор...»
Тошойим момонинг ёзма мурожаати асосида Сурхондарё вилояти, Денов тумани ҳокимияти билан боғландик. Ҳокимлик матбуот котиби Феруза Тўраевага кўра, мазкур оила доимий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатида туради ва озиқ-овқат ва пул ёрдамлари бериб турилади.
— Турсунова Тошойим истиқомат қиладиган оилага пандемия даврида ҳам мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари, пул ёрдамлари берилган. Саҳоватли тадбиркорлар сигир ҳам беришган. Қурилиш материаллари тақдим қилинган, уй таъмири учун. Уларнинг икки хонали уй-жойи билан бирга ўн сотих ҳовлиси мавжудлиги сабабли ҳам янги уй ажратиш масаласи очиқ қолмоқда, — дейди ҳокимлик матбуот котиби. — Бу каби айрим оилаларда боқимандачилик кайфияти бор. Иш ҳам, даромад келтирадиган турли юмушлар ҳам таклиф қилганмиз.
Маҳалла раиси: «Оғир аҳволдаги оиланинг икки хонали уйи таъмирлаб берилган...»
Нуристон маҳалласи раиси Нурали Мустафоев ҳам муаммо юзасидан гаплашдик:
— Мазкур оила қулаб тушиши мумкин бўлган ҳароба уйда истиқомат қилмайди. Ўша уй ёнида таъмирланган, ўрта шароитдаги икки хонали уй мавжуд. Суратларини ҳам тақдим этаман (қуйида келтирамиз). Бундан ташқари, оила аъзолари нафақа олади, ҳомийлар ва бошқа ташкилотлардан ёрдам келса албатта тақдим этамиз. 16 яшар неварасига иш таклиф этганмиз. Бўйни меҳнатга ёр бермай юради.
Яна бир факт. Турсунова Тошойимнинг бир набирасига туманда янги қурилган уйлардан тақдим этганмиз.
Хуллас, мурожаатчи ва масъулларнинг бизга тақдим этган факт ва даъволарида фарқ кўп.
Аммо бир нарса маълум: Деновдаги бу оилага осон эмас. Қишли-қировли кунларда ғариб, тўкиламан деб турган кулбада яшашнинг ўзи оғир. Шу ўринда, Сурхондарё вилояти ва Денов тумани ҳокимликларига масалага яна қайтишни сўрардик.
Ташқарида XXI аср. Инсонлар ўзга сайёраларга учишни режа қилаётганда, одамларимиз яшаётган кулбаларни кўриш, ҳар бир кишига оғир ботади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter