«...Демак, ҳокимлар оппоқ, ҳокимлар дўмбоқ?!»
Бугун бош прокуратурада бўлиб ўтган Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссияси йиғилишида ер майдонлари боғлиқ жиноятлар ҳақида кўп ва хўп гапирилибди.
Бош прокуратура матбуот хизмати йиғилишга оид тақдим этган ахборотда ноқонуний ер ажратиш билан боғлиқ жиноятларда маҳаллий ҳокимликларнинг 23 нафар, архитектура ва қурилиш идораларининг 14 нафар ходимининг «қўли борлиги» айтилади.
Бироқ бирорта ҳоким ер масаласида жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот йўқ.
Бир неча нафар ҳоким ўринбосарлари тилга олинган, холос. Яъниким, «ер операцияси» бўйича Арнасой тумани ҳокими ўринбосари 13 минг АҚШ доллари (шундан 3 минг АҚШ долларини олаётганида қўлга тушган), Урганч тумани ҳокими ўринбосари 5 млн. сўм, Хива шаҳри ҳокими ўринбосари 2 минг, Чуст тумани ҳокими ўринбосари 2 минг, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари 6 минг, Навбаҳор тумани ҳокимининг ўринбосари 11 минг АҚШ доллари пора олганлиги учун жавобгар бўлган.
Маълумки, жойларда ер майдонларининг «эгаси» ҳокимлар ҳисобланади. Уларнинг «фатво»си ва имзосисиз бировга бир қарич ер берилмаслиги маълум. Шунга қарамай «ер бизнеси» бўйича қўлга тушганлар орасида бирорта ҳоким йўқлиги жиндек ҳайратланарли. Қўлга тушмаган ўғри эмас, деган ҳикматга ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтсак, тасаввурларга терс равишда... «ҳокимлар оппоқ, ҳокимлар дўмбоқ» экан?!
«Қойил» демай илож йўқдай...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter