Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда далолатнома-декларация талаби бекор бўлди
Ҳукуматнинг 2018 йил 31 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқлангани ҳақидаги қарори билан адлия органларидан диний ташкилотга жарима солиш ваколати олиб ташлангани, масжидларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи камайтирилгани, ҳақида тўхталган эдик. Шунингдек, масжидни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати ҳам берилди.
Мазкур қарорга биноан, эндиликда диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни топшириш талаб этилмайди:
- пул мaблaғлapининг ташкил топиш манбалари — далолатнома-декларация;
- диний ташкилот номланишининг ҳокимликда рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича фаолиятга ҳам «ягона дарча» тамойили жорий этилган.
Хусусан, эндиликда диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин СТИР ва КТУТ кодлари адлия органлари томонидан бир йўла тегишли гувоҳнома билан тақдим этилади.
Илгари бу ҳужжатларни ҳам диний ташкилот солиқ ва статистика органларидан ўзлари мустақил олиши лозим эди.
Илгари амал қилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда таъсис ҳужжатларининг дубликатларини беришда, шунингдек, диний ташкилотни тугатишда тақдим қилинадиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати белгиланмаганлиги амалиётда муаммоларга сабаб бўлаётган эди. Мазкур камчиликлар янги қарорда бартараф этилди.
Шунингдек, ҳисоботлар сони ҳам камайтирилди. Эндиликда диний ташкилотлар бир йилда бир марта тегишли адлия органига ҳисобот тақдим этади. Илгари ҳар чоракда ҳисобот тақдим этиши лозим эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter