Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи пудратчисининг 500 нафар ишчиси Президентга мурожаат ёзди

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи пудратчисининг 500 нафар ишчиси Президентга мурожаат ёзди

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи.

Фото: «Ўзбекистон овози» газетаси

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган Калийли ўғитлар заводининг 500 нафар ишчиси Президент Шавкат Мирзиёев номига мурожаат ёзди. Мурожаат матни «Фейсбук»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида эълон қилинди.

Мурожаатда айтилишича, завод пудратчиси — Россиянинг «ПУ ООО ЗУМК инжеринг» компаниясида расмий шартнома асосида 2013 йилдан 2016 йигача ишлаган 500 нафардан зиёд ишчи иш ҳақини ололмаган. Иш берувчининг «Калийли ўғитлар заводи» қурилиш майдонида уч йил мобайнида амалга оширилган иш учун 3 йиллик маош қарзи бир неча миллиард сўмдан зиёд.

Айтилишича, буюртмачи «Калийли ўғитлар заводи» пудратчи «ЗУМК инжинеринг»га барча тўловлар учун олдиндан пул ўтказиб берган. Аммо ишчилар маошини талаб қилиб, иш ташлаганда буюртмачи, яъни завод директори Шерматов Х.А. «ўртоқлар, иш ҳақи учун сизга пул ажратилган. Шахсан кафолат бераман: тез орада 3 йиллик иш ҳаққингиз тўлиқ тўлаб берилади, ишни тўхтатманг», — дея икки марта ваъда берган. Бироқ кейинчалик директор ўз ваъдасини ҳам, ишчиларни ҳам тан олмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туман суди даъвони ишчилар фойдасига ҳал этган бўлса-да, Деҳқонобод туманидаги суд ижрочилари бир неча йилдан буён бу ишни асоссиз важлар билан ҳал этмай келмоқда.

Ушбу талаб билан маҳаллий органлардан то Президент виртуал қабулхонасигача мурожаат қилинган. Жавоб эса битта: «Бу иш бўйича суд қарори ижрога қаратилган. Қарздорнинг тўлов қобилияти йўқлиги сабабли ундиришнинг иложи йўқ». Ваҳоланки, қарздор пудратчи Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойларда катта-катта буюртмалар олиб ишламоқда.

Мурожаат муаллифлари барча хорижий корхоналар Ўзбекистонда ўз фаолиятларини қонун доирасида ташкил этиши ва ишчиларга ваъда қилинган маошлар тўлаб берилишида амалий ёрдам беришни сўраган.


«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг