Чинозда «Тонг юлдузи» порлади (фото)
Чиноз туманидаги «Тонг юлдузи» маҳалла фуқаролар йиғини ўзгача қиёфа касб этди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Йўллар асфалтланди, янги тураржойлар ва маданий-маиший объектлар фойдаланишга топширилди.
Қишлоқни ободонлаштириш чоғида, бу ерда кўпроқ тожик миллатига мансуб фуқаролар яшаши инобатга олиниб, ўзбек ва тожик халқларининг урф-одат ҳамда анъаналарини яққол акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Энг кўркам бинода ўзбек — тожик маданият маркази жойлаштирилди. Бу ердаги кутубхонада ўзбек ва тожик мумтоз адабиёти дурдоналари билан бир қаторда, замондош ёзувчи ҳамда шоирлар асарлари жамланган. Ўқув ва анжуманлар зали, тиббиёт хонаси зарур асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Қишлоқдаги 47-умумтаълим мактаби тўлиқ қайта таъмирланди ҳамда 180 ўринли қўшимча бино қурилди. Янги спорт залида болалар учун барча шарт-шароит мавжуд. 8-мактабгача таълим муассасаси эса бутунлай янгидан барпо этилди. 60 ўринга мўлжалланган ушбу боғча замонавий талабларга жавоб беради. Ҳар икки муассасада ҳам таълим-тарбия ўзбек ва тожик тилларида олиб бориляпти.
Маҳаллада янги спорт майдончаси қурилди, тўгараклар фаолият бошлади, боғ ва гулзорлар ташкил этилди. 28 та хонадонда уй тўйлари бўлиб ўтди. 120 иш ўрнига мўлжалланган «Фафир» тўқимачилик фабрикаси очилди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматлари туман маркази филиали ташкил этилди.
Ҳудуддаги Тинчлик, Ободлик, Ёшлик кўчаларига асфалт ётқизилди. Шу каби яна қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Сирасини айтганда, тожик овул, том маънода, тонг юлдузига айланди.
Янги қиёфа касб этган қишлоқда тантанали тадбир ўтказилди. Унда ўзбек ҳамда тожик тилларида шеъру қўшиқлар куйланди.
Янги қишлоқ халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг чин маънодаги рамзига айланди.
Тадбирда Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ҳам иштирок этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter