Бухоронинг битта туманида ўнлаб ИИБ ходимлари ишдан ҳайдалди
2018 йилнинг октябрь ойида Қоракўлда бир гуруҳ ёшлар томонидан икки кун давом этган безориликлар бир нафар ёш йигитнинг ўлими билан якун топган эди. Маҳалла-кўй ҳамда ички ишлар профилактика инспекторлари вазиятга жиддий эътибор қаратганида фожианинг олди олинармиди, дейсан-да. Таассуф...
Орадан салкам икки йилча вақт ўтди. Бироқ туманда қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик, ўғрилик, безорилик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари каби жиноятлар сони ошаверди...
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи-гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда бу ҳақда сўз борди.
Йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О.Қурбонов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф.Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспектори эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Маълумотга кўра, Қоракўл туманидан ташқари, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл, Жондор ва Пешкў туманларида ҳам ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан кўпайган. Йиғилишда ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида аниқ ёндашув асосида тизимли иш олиб борилмаганлиги кескин танқид қилинган.
Хусусан, вилоятнинг 109 та маҳалласида жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилгига нисбатан ошган. Айниқса, «Ашрафий», «Шайҳон», «Садриддин Айний», «Работиқалмоқ», «Шарқ», «Помўза», «Афросиёб», «Зарафшон» ва «Дўстлик» маҳаллаларида юқори бўлган. Шу нуқтаи назардан, йиғилиш давомида хизмат вазифасини бажаришдаги камчиликлари учун вазир томонидан вилоят ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б.Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Салиховлар ҳам ўз вазифасидан бўшатилди.
Бухоро вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж.Болтаев, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Мустафоев, Бухоро вилояти ИИБ 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлари бўйича ўринбосари Т.Абдуллаевларнинг эса ҳар бирига интизомий жазо чоралари берилди.
Ички ишлар вазири билан ўтган учрашувларда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Албатта, ижбоий кўрсаткичлар ҳам йўқ эмас. Олиб борилган профилактика ишлари натижасида ўтган йил давомида вилоятда жиноятлар сони 8,5 фоизга, жумладан, қотиллик 31,6 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 15,9 фоизга, босқинчилик 50 фоизга, ўғирлик 28,3 фоизга, фирибгарлик 10,4 фоизга камайишига эришилган. Бухоронинг 179 та маҳалласида жиноятлар содир этилмаган бўлса, 170 та маҳаллада жиноятлар кўрсаткичи камайишига эришилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter