Бухоро ҳукмдорига таҳдид қилган қавм
Арзу додини айтишга келган деҳқонлар ҳукмдорга Жўйбор хўжалари устидан шикоят қилишди:
– Улар беҳисоб еру мулкига қаноат қилмай, бизнинг тирикчилигимиз бўлган озгина ермизни ҳам тортиб олишяпти. Уй-жойимизни бузиб, ўзларининг ерига қўшиб олишяпти. Ариқ қазиб, сув ўтказмоқдалар...
Бухоро ҳукмдори Абдуллахон деҳқонларнинг шикоятини охиригача тингламай, жаҳл билан деди:
– Агар хўжалар меним икки қошим орасидан ариқ ўтказса ҳам майли, ҳеч нарса дейишга ҳаққим йўқ!
Ҳа, XVI асрда Жўйбор хўжаларининг таъсири шунчалик катта эдики, уларга ҳатто, Бухоро хонининг ҳам сўзи ўтмасди.
Бухоро шаҳри яқинидаги Жўйбор қишлоғида яшовчи Шайх Хўжа Муҳаммад Ислом ғоятда айёр, бойликка ўч ва шуҳратпараст диндор бўлиб, XVI асрдаги сиёсий ўйинларда фаол иштирок этган шахс эди. Аслида у хуросонлик Муҳаммад Тумон деган бадавлат кишининг куёви бўлиб, қайнотаси ўлгач, қолган меросни ўз нуфузини орттириш учун сарфлади. Ўзининг аждодларини пайғамбар авлоди ва Чингизхону Жўжихон шажарасига боғлади. Бу ҳақда буюртма бўйича «Равзат ат-ризвон» китобини ҳам ёздирди. Шунингдек, муридлари ва дарвешларга пул бериб, аслзодалик даъвосини кенг оммага етказди.
Бу пайтда Бухоро, Хива, Эрон ва Хурсон билан тез-тез бўлиб турган урушлар, шаҳзодаларнинг тахт талашувлари боис, тож кийган янги ҳукмдор ўз тарафдорларининг кўпайишини истар эди.
Хўжа Муҳаммад Ислом бундай сиёсий кўпкари ўйинларининг устаси бўлиб, шаҳзода Абдуллахонни ёшлигидан тахтни эгаллашга тайёрлаб борди.
Гарчи 1583 йили Абдуллахон тахтга чиққан пайтда Хўжа Муҳаммад Ислом вафот этган бўлса-да, ўғли Калонхўжанинг нуфузи отасиникидан кам эмас эди. Отасининг 2,5 минг гектар ери, 10 минг қўй, 700 оти, 500 туяси, 300 хизматкор қули, 104 та савдо дўкони бўлса, Калонхўжа бу бойликни янада кўпайтирди. Зеро, Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II отасининг муриди бўлган ва унинг саъйи-ҳаракати туфайли бошига тож кийган эди. Шу боис унинг даврида хўжаларнинг мол-мулки кўпайиб, нафс балоси билан овора бўлишди.
Ўз вақтида отаси фақат Бухоро хонлиги ҳудуди билан чекланган бўлса, ўғли Хўжа Саъд Калонхўжа бошқа шарқ шаҳарларидан ҳам кўплаб ер-мулк сотиб олди. Қисқа фурсат ичида унинг ери 12 минг гектарга, қулларининг сони 1000 нафарга етиб, от, туя, қўй, уй ҳайвонларининг эса сон-саноғи йўқ эди. Бироқ, у шунга ҳам қаноат қилмай, бухоролик оддий деҳқонларнинг ерини тортиб олиб, уларнинг ери устидан ариқ қаздирарди. Ўшанда деҳқонларнинг Абдуллахон II га қилган шикояти наф бермаганди. Негаки, хон ҳам Жўйбор хўжалари олдида ожиз эди. Чунки, тахтга улар туфайли келган эди.
Агар Абдуллахон деҳқонлар манфаатини ҳимоя қилса, хўжаларнинг халққа таъсири кўплиги боис, сарой ўйинлари ёки уюштирилган «халқ қўзғолон»лари боис тахтдан четлаштирилиши аниқ эди.
Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» номли асарида Жўйбор хўжаларининг Абдуллахон ҳақида айтган айрим сўзлари келтирилади:
«Абдуллахон мамлакатда айрим тартиблар таъсис этиб, фақирларга озор етказяпти. Агар Бухорога подшоҳ бўлиб қолишни истаса, бу тартибларни бекор қилсин, акс ҳолда хўжалар бунақа аҳволга тоқат қилолмайдилар ва у бундан кейин Бухорога подшоҳ бўлолмайди...
...Абдуллахон биз билан бемаслаҳат Бухорони Балхга айирбошлабди. Балким у Бухорода ҳокимиятни бирор бир кимсанинг мададисиз ўз қўлимда тутиб турибман, деб хаёл қилаётгандир?..»
Хуллас, Жўйбор хўжалари ҳатто, хонга ҳам таҳдид қилиб, одамлари орқали унга пўписа қилиб туришган. Ҳофиз Таниш Бухорий ўша таҳдидлардан сўнг, Абдуллахон хўжалар ёнига бориб кечрим сўраганини ўз асарида ёзиб ўтган.
Шунингдек, улар кимни қаерга, қайси мансабга тайинлаш борасида ҳам хонга таъсир ўтказиб туришган. Бунинг ҳам сабаби 1583 йили Абдуллахон тахтга ўтирганида, анъанага кўра, тож даъвогарини оқ кигизга ўтқазган Калонхўжа ва унинг отасининг нуфузида эди.
1598 йилда Абдуллахон II вафот этгач ҳам, Жўйбор хўжалари ўзлари истаган кишини тахтга ўтқазиб, улардан фойдаланиб келишди. Бироқ сиёсий ўйин ва диндан ўз манфаати йўлида фойдаланган Жўйбор хўжаларининг беҳисоб мол-мулки кейинги авлодларига насиб этмади.
Чунки, улар ана шу пулларга мактаб қуриб илм-фанни ривожлантирмай, бидъатни кучайтириб, авомнинг кўз олдида ўзларини аслзода шажара вакиллари сифатида тутишди. Аслида жўйбор хўжалари оддий деҳқонлар ерини тортиб олиб, улар меҳнати орқали манфаат кўрган нафсхўрлар эдилар. Халқ қарғишига қолган бундай жўйборийлар сабабли Бухоро хонлиги маънавий ва иқтисодий таназзулга ботди. Натижада Эрон, Хива, Чор империяси билан бўлган сўнгги асрлардаги жанглар туфайли давлатнинг ҳарбий лаёқатсизлигидан хонлик бора-бора чоризмнинг мустамлака ҳолатига тушди ва Жўйбор хўжаларининг еру мулки ҳам талон-тарож бўлиб кетди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас