Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бунақаси бўлган эмас: Олий судда шикоятчилар гул билан қарши олинди

Бунақаси бўлган эмас: Олий судда шикоятчилар гул билан қарши олинди

Шикоятчи қайси даргоҳда қучоқ очиб кутиб олинган? Гул билан-чи?

Бугун, 6 март куни Олий судга мурожаат қилган шикоятчи аёллар ёппасига гул билан қарши олинди! Бунинг боиси, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни экани маълум. Бироқ шу чоққача бунақа байрамлардан қанчаси ўтди, илло олий маҳкама остонасини хатлаган бирор шикоятчи аёл гул билан чиққан эмас.

Мурожаатчилар қуйи босқич судларининг қайсидир қарори ёки ҳукмидан норози бўлиб келгани тайин. Йўқса, бу даргоҳ остонасига қадам босиш қайда?! Уларнинг шикоятлари белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, якунда қонуний тўхтамга келиниши бор гап. Ҳозир гап бунда эмас.

Гап кўрсатилаётган эътиборда!

...Ана, қабулдан бир онахон чиқиб келди. Қўлида гул. Ҳайратдан қисиқ кўзлари катта очилган. Танишдик. Мунаввархон ая. Андижонлик. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини керагидан ортиқ тотган онахон саксондан (!) ўтибди. Айтишича, икки фирибгар эркак чув тушириб, биносини ўзиники қилиб олибди. Вилоятда муаммо ҳал бўлмагач, Олий судга келибди. «...Қабулга кириб, менга Мўминжон керак, дедим, бу ерда «Мўминжон» ишламайди, дейишди аввалига. Вой, нега ишламас экан, қорачадан келган, сочлари тикка-тикка одам бор экан-ку, ўша, деганимдан кейин, э, онахон, «Мўминжон» эмас, «Холмўмин» денг, фамилияси Ёдгоров, олдиларида одам бор, чиқсин, сўнг кирасиз, дейишди. Қабулга кирсам, ўша одам ёрдамчилари билан ўтирган экан, ҳасратимни эшитгач, хўп, онахон, ҳаммасини қонуний кўриб чиқамиз, дейишди ва... байрамингиз билан деб, қўлимга гул берасми?!»

...Қабулдан чиқаётган мурожаатчи аёлларни кузатиш анча мароқли бўлди, рости: тунд юз билан кириб, очиқ чеҳра билан чиқяпти... Ҳалигина, қабулга кирмасидан аввал инжиқланаётган боласини жеркиб-жеркиб турган жувон ичкаридан қўлида гул билан чиқаркан, фарзандини бошқача эркалатишга тушсами?!

Шугина эътибор бошига синов тушган мурожаатчининг кўнглига малҳам бўлмайдими? 

Шу кичик эътиборнинг ўзи қабулга келган фуқаронинг судга нисбатан ишончини орттирмайдими?

Эътибор ва яхши муносабатнинг катта-кичиги бўлмайди, деганлари шу бўлса керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг