Бозорларда ёғ, тухум ва шакар нархи ошиши сабаблари ўрганилди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ички бозордаги асосий турдаги истеъмол товарларининг чакана нархлари мониторинг қилиб борилмоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра сентябрь ойининг охирги ўн кунлигида ички бозорлардаги айрим турдаги истеъмол товарлари нархларининг кескин ошиши кузатилди.
Хусусан, кунгабоқар ёғининг чакана нархи сентябрь ойининг бошига нисбатан 11 500 сўмдан 15 000 сўмга (ўсиш 30 фоиз), шакар маҳсулотининг нархи 6 000 сўмдан 7 000 сўмга (ўсиш 15 фоиз), ҳамда парранда тухуми нархи 1000 сўмдан 1300 сўмга (ўсиш 30 фоиз) ошганлиги кузатилди.
Ушбу истеъмол товарлари нархлари ошиши сабаблари қуйидагилар билан боғлиқ бўлган:
А) Кунгабоқар ёғи бўйича.
Республикада бугунги кунда 40 дан ортиқ кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойи давомида 177 минг тонна кунгабоқар ёғи импорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп.
Кунгабоқар етиштирувчи асосий йирик давлатлардан бири ва республикага импорт қилинадиган маҳсулотнинг асосий қисми тўғри келган Россия Федерациясида кунгабоқар ҳосили жорий йилда ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кам бўлиши кутилмоқда.
Россияда 2019 йилда 15,3 млн тонна кунгабоқар етиштирилган бўлиб, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 13,5 млн тонна атрофида прогноз қилинмоқда.
Бу эса ўз навбатида маҳсулотнинг нархларига таъсир этди, хусусан Россия бозорида август ойида бир тонна кунгабоқар ёғи 750-800 долларни ташкил этган бўлса, ўтган ҳафтада нархлар 985-1050 долларни ташкил этиб, нархлар ўртача 30 фоиз ошган.
Бундан ташқари, Россия ички бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кунгабоқарнинг етишмаслиги сабабли маҳсулот экспортининг 4 йилга чекланиши масаласининг кўриб чиқилиши ҳам маҳсулот нархларининг шаклланишига таъсир қилган.
Б) Тухум маҳсулоти бўйича.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ–6011-сонли Фармонига мувофиқ четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари учун жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи тўланиши кўзда тутилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу маҳсулотлар нархларининг 15 фоиз ошишига олиб келишини инобатга олиб, бозор иштирокчилари ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда нарх белгиламоқда.
Парранда озуқа базасининг асосий қисмини буғдой, соя шроти ва маккажўхори хом ашёси ташкил этиб, ушбу маҳсулотларнинг нархлари йил бошидан ўртача 10 фоизга ошган.
Масалан, юқоридаги маҳсулотлар ичида соя шроти асосан импорт маҳсулот ҳисобланиб, йил бошида 1 кг нархи 0,47 долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 0,51 долларни ташкил қилмоқда.
Жорий йил июн-июль ойлари мобайнида 14 дан ортиқ йирик паррандачилик корхоналарида боқилаётган 1,8 млн. бош қари товуқлар янги жўжаларга алмаштирилганлиги, маҳсулот ишлаб қиқариш ҳажмини кескин камайишига олиб келган.
Бундан ташқари, валюта курсининг йил бошидан 8,5 фоизга кўтарилиши ҳам импорт кунгабоқар ва соя шроти ҳамда бошқа озуқавий қўшимчалар нархининг ошишига таъсир қилган.
Шунингдек, «Паррандасаноат» уюшмаси томонидан ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра жорий йилда аҳолининг истеъмол саватида тухумга бўлган талаб 12 фоизга ошганлиги маълум бўлганлиги ҳам маълум қилинган.
В) Шакар маҳсулоти бўйича.
Бугунги кунда республикада 2 та корхона шакар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади, уларнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 690 минг тоннани ташкил қилади, бунда ишлаб чиқаришда асосан импорт асосида олиб келинадиган шакар хом ашёсидан фойдаланилади.
Бундан ташқари, 100 дан ортиқ юридик шахслар томонидан шакар маҳсулоти мунтазам импорт қилиниб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойи давомида 82 минг тонна шакар импорт қилинган бўлса, жорий йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 288 минг тоннани ташкил этди.
Шу билан бирга, қўшни давлатларда ноқулай об-ҳавонинг шакар етиштириш учун зарур бўлган қандлавлаги хом-ашёси сифатига кескин таъсири туфайли бу йилги ҳосилнинг паст бўлиши кутилмоқда.
Натижада, август ойининг бошида 1 кг шакарнинг нархи ўртача 29 рубльни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 39 рубльни ташкил этмоқда (ўсиш 34 фоиз). Яъни, шакар нархининг ошишига импортдан келтирилаётган шакарнинг нархи кўтарилиши сабаб бўлган.
Бугунги кунда, «Хоразм шакар» МЧЖ ва «Ангрен шакар» МЧЖларда 40 минг тонна тайёр шакар заҳиралари мавжуд бўлиб, мунтазам равишда биржа орқали сотилиб келинмоқда. Жорий йилнинг август ойида махаллий шакарнинг улгуржи нархи биржа савдоларида ўртача 5840 сўм бўлган ва ҳозирги кунда 6585 сўмни ташкил қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter