Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боши берк кўча ёхуд икки ўт орасида изтиробли тақдир қурбонлари

Боши берк кўча ёхуд икки ўт орасида изтиробли тақдир қурбонлари

Фото:«Xabar.uz»

Карнай-сурнай, ноғора садолари маҳаллани тутиб кетди. Тўй яхши-да барибир, қалбга завқ-шавқ бағишлаб, бир ёруғлик инади. Ана, бир-биридан басавлат куёв жўралари ҳам кўринди. Бир зумда худди эртакдаги маликалардек ясанган келинчакни олиб кетишди. Тўйнинг овозидан келин-куёвни бир кўриш илинжида йиғилган қўшни келинлару бўй қизлар, болажонлар ҳам тарқалишди. Биргина Назокатнинг дили хуфтон бўлиб, эски яраси яна янгиланди. Аслида унинг ўн беш йиллик изтиробли ҳаётига бу ҳолатнинг алоқаси йўқ, аммо Назокат нуқул бахтсизлиги айнан шу тарзда бошланганига иқрор бўлаверади.

Қайданам дугонаси Лобарнинг тўйида Бахтиёрга кўзи тушди. Ота-онасию яқин қариндошларининг қаршиликларига қарамай, у билан турмуш қурди. Қизи Афрўзанинг ногирон туғилиши, нобуд бўлиши оқибатида пинҳон сирлар очилди. Орада қанча ғавғо, қанча жанжал билан никоҳи бекор бўлди. Иккинчи турмуши рисоладагидек эди. Аммо қайнонасининг олти йил фарзандсизлик важидаги сўз-тарсакилари сабаб барбод бўлди. Учинчи турмушида у ўгай она деган ном билан атала бошлади. Чидади, ҳаётини изга солишга, бахтли оиланинг бекаси бўлишга ҳаракат қилди. Юзинг, кўзинг демай «Ўгай барибир ўгай экан-да» дея эри тошдан қаттиқ таъналар билан фарзандларининг тўқиган юз нағмасига ишониб онасиникига ташлаб кетди. У қаддини ростлаб яна қайтиб тик туришга ўзида куч тополмади. Шундан буён ёлғиз, онасининг уйига сиғинди, бир касалманд аёл. Фақатгина ишга бориб ўзини овутади, дардини аритади. Назокатнинг тақдирини қанчалар қисқартириб айтишга ҳаракат қилганим сайин елкамни бу тақдирнинг аламли оғриқлари босиб боряпти. Балки гапни айлантирмай бир сўз билан, ҳаммасига Бахтиёрнинг гиёҳвандлиги сабаб, деганим дурустдир.

Гиёҳвандлик – боши берк кўча. Бу кўчага ўзи хоҳламайгина тақдири туташган бир аёлнинг аччиқ, изтиробли қисмати. Бу аёлнинг айби нима? Бахтиёрга кўнгли тушганими? Мурғаккина Афрўзанинг-чи? Агар у соғлом бўлганида, нобуд бўлмаганида шу оилага қанча қувонч улашарди? Бу оиланинг бахти нега барбод бўлди? Бу саволларнинг жавобида тақдир йўлларида бой берилганларни бирма-бир санаб эзиласан, киши. Бу кўргуликларнинг бир учи доим Бахтиёрнинг гиёҳвандлиги билан туташиши мана ўн беш йилдирки, Назокат қалбини ўртаб, эзади.

Афсус, бугун орамизда бундай оғриқ билан эзилаётганлар йўқ, деб айта олмаймиз. Инсон онгли эканлиги билан табиатнинг энг олий мавжудоти бўлса, онгсизлиги билан энг ёмон махлуққа айланади. Бунинг биргина кўриниши – гиёҳвандлик. Энг асосийси ва даҳшатлиси, гиёҳвандликка ружу қўйган кимсанинг ўзини ўзи бошқариш қобилиятидан маҳрум бўлиши. Бу эса инсон ҳаётининг бутунлай издан чиқиб, ҳар тарафлама таназзули дегани. У бу йўлга билиб кирдими, адашиб кирдими, бунинг фарқи йўқ.

Кейинги йилларда ер юзида гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиган, унинг ғайриқонуний савдоси билан шуғулланадиган одамлар тобора кўпайиб бораётганлиги барчамизни огоҳ бўлишга ундайди. Чунки ногирон болаларнинг дунёга келиши, наслнинг бузилиши, ажримларнинг ортиши, жиноятчилик, фоҳишабозлик каби иллатлар асосида ҳам айни шу бало – гиёҳвандлик ётиши ҳеч биримизга сир эмас.

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 200 миллиондан ортиқ киши гиёҳвандлик ботқоғига ботган. Унинг домига тушиб қолаётганлар сони эса кундан-кунга ортиб бораётгани муаммонинг бир томони бўлса, гиёҳвандликка чалинган бир нафар кимсанинг йил давомида ўнлаб иродаси суст кишиларни ўз сафига қўшиб олиши яна бир ташвишли ҳолатдир. Олимларнинг тадқиқотларидан шу нарса аён бўлдики, гиёҳвандлар асосан 16 ёшдан 35 ёшгача бўлиб, аксарияти ўзига тўқ оилалардан экан.

Юқорида мисол келтирганимиз Бахтиёр ҳам бир оиланинг бахтиёр ўғли эди. У ўзини гиёҳвандлик сиртмоғи билан осди. Ёш умрини хазон, нафақат ўзини, балки гулдек аёлини ҳам бахтиқаро қилди. Ўз зурриёди умрига зомин бўлди. Ота-онаси, яқинлари қалбини оқибати совуқ қилмишлари билан яралади. Алалхусус, бу тўқликка шўхликнинг бадали қанчалар изтиробли. Бу изтиробда, оилада фарзанд тарбиясига эътибор қаратиш керак, деган бир акс-садо қайтаётгандек гўё.

Буюк табиб Абу Али ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида нашанинг одам организмига салбий таъсирини баён этган бўлиб, китобнинг иккинчи жилди 634-мақоласида «Наша уруғи кўп истеъмол қилинса, бефарзандликка олиб келади» дейилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳозирги пайтда эса гиёҳвандлик оғир ва қийин даволанадиган касаллик ҳисобланади. Унинг оқибатида инсонда оғир руҳий, жисмоний, маънавий ўзгаришлар, ижтимоий тушкунликка тушиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Қолаверса, ОИТС юқиши, иммунитетнинг жуда сусайиб кетиши, хавфли йирингли-инфекцион касалликлар пайдо бўлиши билан бирга, бош мия, юрак ва ўпкаларнинг фаолиятидаги бузилиш ва бунинг аслига қайтмаслиги ачинарли. Шунингдек, касалликда дастлаб аниқ аломатлар кўзга ташланмаслиги, хасталик авж олганда – белгилари яққол кўринганда эса уни даволаш ниҳоятда қийин кечиши ёки амалда умуман даволаб бўлмайдиган ҳол вужудга келиши таъкидланади. Даволанишнинг мураккаблиги шундаки, тиббий йўл билан жисмоний боғлиқликни йўқотиш мумкин, руҳий боғлиқликни эса тиббий йўл билан бартараф этиш мушкул. Бунда метин ирода, сабр-бардош ҳамда атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши сув ва ҳаводек зарур. Бундай ҳолат ва вазиятларни ўз кўзимиз билан кўрамиз, кузатамиз, баъзан бошқалар учун афсусланиб, тавба қиламиз. Аммо ҳали мактабни тугатмаган болаларнинг шундоққина йўл чеккасида сигарет тутатаётганига ногаҳон кўзимиз тушганда, бир оғиз танбеҳ беришга иккиланамиз ёки эътиборсиз ўтиб кетамиз. Аслида биздаги ана шу эътиборсизлик, ёшлардаги қизиқувчанлик бир кўнгилсизлик келиб чиқишига етарлидир.

БМТ томонидан тайёрланган ҳисоботда маълум қилинишича, ҳар йили дунё миқёсида гиёҳвандликка чалинган 200 минг киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бу йўл транспорт ҳодисалари чоғида қурбон бўлганлар сони билан таққослаганда 6 маротаба кам экан. Бу шунчаки келтиришлар эмас. Бу шунча аянчли қисмат дегани. Маълумотлар қанчалик ортиб, қанчалик камайсин ёки янгилансин, бу оғуга берилиш шу тахлитда таъсир ўтказаверади. Аламли турфа тақдирлар, афсус-надоматга тўла ҳаёт, катта-кичик қурбонлар берилаверади. Мақола аввалидаги Назокат ҳам шундай қурбонлардан биттаси. У сингари қурбонлар, боши берк кўчага ўзи билиб-билмай кириб қолиб, дарди ичида юрганлар қанча. Дарднинг оғир-енгиллиги эса ҳар кимнинг ўзига аён. Кимдир ўзини оқласа, кимлардир кўргулигига куяди.

Айтаримиз, кўзингизни очинг, бу изтиробли кўчага яқин йўламанг, токи унинг аламли изтироблари ҳаётингизга соя солмасин.

Гулноза Турғунбоева,
 «Xabar» мухбири

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг