Бош прокурор Қумқўрғондаги селдан жабр кўрган қишлоқларга борди
Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Президент белгилаб берган долзарб вазифалар ижросини ўрганиш учун 19-20 май кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.
Бош прокуратура расмий сайтига кўра, ташриф давомида Шеробод тумани «Оила» марказида хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» марказлари раҳбарлари билан учрашилиб, устувор вазифалар муҳокама этилди.
Бундан ташқари, вилоятнинг Қумқўрғон туманида селдан талафот кўрган «Элобод», «Азларсой» ва «Боғор» қишлоқлари жойида ўрганилди.
Ҳозирда вилоят прокурорлари билан биргаликда селдан жабрланганларга моддий ёрдам бериш, сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганиш давомида, селдан жабрланган оилаларга биринчи навбатда зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим, кўрпа-тўшаклар, хўжалик моллари етказиб берилди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги халқ қабулхонасида муаммолари узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган 30 нафардан ортиқ фуқаролар Бош прокурор томонидан қабул қилинди.
Фуқаролар асосан суд ва тергов ишлари, иш ҳақи ва ишга жойлаштириш, даволаниш, уй-жой ва тадбиркорлик масаласида мурожаат қилдилар.
Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ҳал этилди, қолган мурожаатлар назоратга олинди.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектлари, фермер хўжаликларида учрашувлар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter