Биз билганимиз иккита воқеа, билмаганимиз қанча?
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз блогида интернет ва ижтимоий тармоқларни ларзага солган бугунги ва бир йил аввал Жасур Иброҳимов билан рўй берган воқеа ҳамда уларни боғлаб турувчи ҳолатлар ҳақида мулоҳаза юритди.
Жасур Иброҳимов воқеасидан бир лавҳа: уни 3 май куни дўппослашган, ўша куниёқ «102» орқали милицияга хабар берилган. Жасур 1 июнь куни вафот этган — унинг дўппосланиши бўйича жиноят иши эса милиция томонидан 31 май куни (йигитнинг ўлимидан бир кун аввал) очилган — зўр тасодиф-а? 4 июндан бу иш билан прокуратура шуғуллана бошлаган — яъни, Жасурнинг онаси ўзининг мурожаати билан бутун интернетда шов-шув кўтариб, одамларнинг кўчаларда тўпланишигача сабаб бўлганидан бир куни ўтиб.
Бошқатдан: бола 3 май куни дўппосланган, ўша куниёқ бу ҳақда милицияга маълум қилинган, лекин милиция жиноят ишини орадан 28 кун ўтиб — боланинг ўлиши аниқ бўлганидан сўнг очган, орадан 4 кун ўтиб бу билан прокуратура шуғуллана бошлаган, иш шахсан бош прокурорнинг назоратига олинган. Ҳаммаси бундай бўлмаслиги, жиноят иши очилмай, прокуратура ишни назоратга олмай қолавериши ҳам мумкин эди — агар бу ҳақда жамоатчилик билиб қолмаганида, боланинг онаси билан бирга бошқа фаоллар жар солмаганида.
Энди Каттақўрғон милициясидаги воқеани кўриб чиқайлик: милиция ходими Санъат Умаров ўғриликда гумон қилинган аёлни 3 июнь куни ечинтирган. Прокуратура ахборотига кўра, аёл бу ҳолат юзасидан орадан 19 кун ўтиб — 22 июнда ваколатли органга ариза билан мурожаат қилган. Санъат Умаровга нисбатан Жиноят иши эса 4 июлда — бу воқеа ҳақида «Озодлик»да видеолари билан хабар чиққан куни очилган. Катта эҳтимол билан, Санъат Умаров айнан 4 июль куни ишдан олинган (ёки 5 июль бўлиши ҳам мумкин).
Бошқатдан: милиционер 3 июнь куни бир аёлни ечинтирди, аёл 19 кундан кундан сўнг ариза билан шикоят қилди, ариза тушганидан 12 кун ўтиб жиноят иши очилган, катта эҳтимол билан, шу куни милиционер ҳам ишдан олинган. Энди бу иш ҳам, худди бир йил аввалги Жасур Иброҳимов иши каби, алоҳида назорат остида. Бундай бўлмаслиги, жиноят ишлари ҳали ҳам очилмай, аёлни таҳқирлаган милиционер ҳам ишдан олинмаган бўларди — агар бу ҳақда «Озодлик» ёзиб, жамоатчилик билиб қолмаганида.
Энди тасаввур қилинг — жамоатчилик ҳам сезмай, «Озодлик» ҳам билмай қолган яна қанча шундай воқеалар бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter