Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биринчиларга доим қийин бўлган» — депутат Блогерлар чемпионати ҳақида

«Биринчиларга доим қийин бўлган» — депутат Блогерлар чемпионати ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Зиё шу кунларда ўтказилаётган Блогерлар чемпионати ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этди.


Блогерлар биринчилиги ўтказилаётгани ҳақида ўқиганимиз билан жараённинг «ичига кириб» қизиқиб кўрмагандик. Бир неча йил бурун бу каби кўрик кишида қандайдир қизиқиш уйғотиши мумкин ва табиий саналар эди. «Пахтакор» – «Бунёдкор» ўйини бўлиб ўтгани ҳақида ОАВ орқали билиб турган пайтимизда Блогерлар чемпионати, яъни биринчилиги қандайдир фавқулодда қизиқиш уйғотиши, аниқроғи, уйғотмаслиги ўз-ўзидан тушунарли деб ўйлаймиз. Бу билан унинг аҳамиятини ерга урмоқчи эмасмиз. Асло! Ахборот оқими ва турлари улкан ва тезкор тошқиндек босиб келаётган ҳозирги даврда уларнинг барчасига қарши туриб беришнинг иложи йўқлигини урғуламоқчимиз, холос. Тақдим этилаётган муносабатни эса жараён ярим маррага етиб келгани ва сирли «Навбатдаги ким?..» сарлавҳаси ҳамда бироз вақт топилиб қолгани билан тушунтирган бўлардик. Хўш, вақтимиз зое кетдими ё йўқми? Муносабат билдиришга киришган эканмиз – йўқ! Нега?

Биринчидан, жараённинг «ичига кирмай» туриб ҳам умуман ОАВ, хусусан ялпи интернат тармоғининг миллий бўғини, аниқроғи, унда фаолият кўрсатаётганлар фаолиятини кузатишдан туғилган таассуротларимиз ўз тасдиғини топди: ўз устимизда кўп ишлашимиз керак, мана шундай биринчилик, кўриклар узлуксиз уюштириб турилиши лозим. Бу камчиликларимизни билиб бориш, уларни тўғрилаш, мукаммалликка интилиш, пировардида таъсирчанлиги тенгсиз соҳада ўз миллий мактабимизни шакллантириш ва жамиятимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий муҳитига ижобий таъсир кўрсатиб бориш учун зарур.

Иккинчидан, ахборот маконимизда бўлгани каби миллий блогчилигимизда ҳам Россия «тажрибаси ва мактаби»нинг таъсири яққол сезилиб турибди. Яъни «теша тегмаган» услубларни қўллаш, сирлилик ва мавҳумлик орқали ўқувчини лол қолдириш, ўзи учун аҳамиятли мавзуни катта, муҳим, долзарб масала сифатида тақдим этиш. Чунончи, Президент матбуот котибининг «т»симон столи, елимшак жилд (матнда елимшиқ папка), уларнинг биринчи раҳбар ҳузурига «кириб чиққан»ига оид «ваҳимали», ҳар ким ҳам дуч келмайдиган «тафсилотлар», бир томондан мустамлака даври совет босқичидаги воқелик ва журналистикани эслатса (совет ва партия идораларининг катта-кичик раҳбарлари хизмат хоналари ҳақидаги таассуротлар сингари), иккинчи томондан буларнинг мавзудан муддаога қандай алоқаси бор деган саволни туғдиради. «Т», муаллиф ваъда берганидек, маълумотни тўплаш, тахлаш, тарқатиш, тасдиқлаш учун керак бўлган тақдирда ҳам тахта, ғишт ва шунга ўхшашларни тахлаш мумкинлигини билардик, аммо маълумотни тахлаш?

Агар тўғри англаган бўлсак, мақоладан муддао «Қизиқ, навбатда аккредитация оладиган ким экан, тахлам юзасидаги папка ичидаги маълумотлар кимга тегишли?» деган саволларга жавоб топишга уриниб кўриш, башорат қилишга бағишланган. Бундай ёндашув икки йил бурун катта қизиқиш уйғотиши, ҳатто қаҳрамонлик бўлиши мумкин, турган гап эди. «Kun.uz», «Xabar. uz» каби саноғи йўқ «uz»лар, «Юзбитик» («facebook»нинг миллий бўғини), Аслиддин Алмардонов сингари ўрдафтарчиларимиз (мазкур сўзни «weblog»нинг ўргимчак ини ва дафтарни англатишидан келиб чиқиб ясадик) бор экан, энг муҳими, жамиятимизда эркинлик, айниқса сўз эркинлиги илдиз отиб борар экан, энди бизга «ибнсинолар» керак бўлмайди (ривоят қилишларича, одамлар ўлим тўшагида ётган Ибн Сино қошига келиб, «бизни кимларга ташлаб кетаяпсиз, сизга бир нима бўлса, бизни ким даволайди?» дея йиғи-сиғи қилганида, қатиқнинг тозалаш ва бошқа хоссаларини кўзда тутган улуғ табиб «мен ўлсам, қатиқ бор-ку» деган экан).

Учинчидан, юртдошимизнинг тил луғати, ўзбек адабий тили қоидаларига риоя этиши, аниқроғи, этмаслиги ҳақли эътироз туғдиради. Қаранг: ракурс, мастер-класс, тест варианти, контент, аккредитация, этика, аудитория, алтернатив, субъектив, тенденция, этикет, маркер, профессионаллик, тренер, креативлик, объективлик, менталитет, цензура, инвестор... Буларнинг барининг ўзбекчаси бор ёки топса бўлади. Хали, воқеилик, кўпам сингариларни ҳам тўғри ёзиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мазкур хатолар ва Бутсефал (Букефал), «тешик тоғора эртаги»ларни қўллаш эса муаллифнинг ўзбек тилидан ташқари адабиётидан ҳам яхши хабардор эмаслигини кўрсатибгина қолмай, Россия таъсирига оид юқоридаги таъкидимизнинг (агар Плутархни юнон ёки инглиз тилида ўқиган бўлса, кечирим сўрайман ва хурсандман) асосли эканини далиллайди-қўяди.

Хулоса: ўқиганимиз ва ёзганимизга кетган вақтимизга ачинмаймиз. Кундан-кунга аҳамияти ошиб бориши аниқ, биз учун нисбатан янги йўналишда нималар бўлаётганидан оз эрса-да хабардор бўлдик. Бу соҳа керак. Демак, уни такомиллаштириш йўлида тер тўкишимиз ҳам керак. Бу иш Аслиддин Алмардонов ва унинг ҳамкасблари, ўрдафтарчилар кўриклари, уларни уюштирувчилар ҳамда биз каби танқидчилар елкасидадир. Биринчиларга доим қийин бўлган. Танқидий муносабатимизни тўғри қабул қилиб, кераги ва фойдалисини олиб, комиллик сари интилсалар, ҳар жиҳатдан унум бўлади. Энг аввало, шундоқ ҳам аҳволи чатоқ тилимизни сақлаб қолишдек тарихий жараёнда! Бошқа муаллифларни ўқимаганимиз учун баҳо қўймасликка тўхтадик. Аслиддин Алмардоновга эса омад ва ўз устида ишлашдан қочмаслик, танқидни тўғри қабул қилишни тилайман. Ташкилотчиларга эса келгусида кўрик шартларига, ҳеч бўлмаганда, тил қоидаларига риоя қилиш, чет сўзларни асоссиз қўлламаслик талабини қўйишни маслаҳат берган бўлардик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг