Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира майдони ободонлаштирилди
Тошкент вилояти Чиноз туманининг «Яхши ният» қишлоғида туғилиб, камолга етган биринчи ўзбек механизатор аёли, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова шарафига кўп йиллар аввал барпо қилинган-у, сўнг бир қадар қаровсиз қолиб кетган хотира майдони давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ободонлаштирилиб, гўзал маънавият масканига айлантирилди.
Турсуной Охунова бюсти реставрация қилиниб, хотира майдони қайта қурилди, анча вақт қаровсиз қолиб кетган музей тикланиб, маданият марказига айлантирилди. Шу муносабат билан Чиноз туманининг «Яхши ният» маҳалласидаги мазкур масканда ўтган тадбирда уч авлод вакиллари бир нуқтада жам бўлди.
Тадбирда Турсуной Охунова ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ибратли хотиралар ёдга олинди.
Оддий деҳқон фарзанди Турсуной Охуновага хос меҳнаткашлик, фидойилик, камтарлик каби фазилатлар бугунги авлодлар учун ҳам ибрат мактабидир.
Мазкур мажмуанинг яна бир аҳамиятли жиҳати – бу ерда ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари учун очиқ дарслар ўтказиш учун ҳам имконият ва шароит яратилгани билан боғлиқ. Бу таълим ва тарбияни уйғун олиб боришга хизмат қилади.
Турсуной Охунова музейи оддий деҳқон фарзандининг ҳаёт йўлидан сўзлайди. Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунова машаққатли меҳнатлари, иродаси, қатъияти ва камтарлиги туфайли эл-юрт ҳурматини топди. Буни тарихга муҳрланган мана бу суратлардан ҳам билиш қийин эмас.
Музей биносида тез кунда мусиқа ва шахмат тўгараклари иш бошласа, кўп ўтмай атрофдаги ерлар ҳам ободонлаштирилиб, катта хиёбон, сунъий футбол майдони, мўъжаз кутубхоналар барпо қилинади.
Инсон ҳаёти ҳам чархпалакка ўхшайди. Йиллар ўтади, авлодлар алмашади, қадриятлар эврилади. Бироқ ҳар қандай даврда ҳам инсон фақат ва фақат пешона тери, машаққатли меҳнат ва бунёдкорлиги билан эл-юрт ҳурматини қозониши мумкин. Аслида, бунёдкорликдан мақсад – ободлик. Бу нафақат ҳудуд, балки кўнгил ободлиги ҳамдир. Зотан, бунёдкорлик туйғуси соғлом муҳитнинг, соғлом муҳит баркамол авлоднинг, баркамол авлод эса буюк келажакнинг мустаҳкам асосидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter