Автосалон машинани кечиктиргани учун фуқарога 12 миллион сўм тўлади
«Дамас» жуда рўзғорбоп машина-да! Соҳибжон анчадан бери уни ҳарид қилишни орзу қиларди. Ҳам хонадонига, ҳам ишига асқотади. Имкон туғилгач, йиққан терганини белга боғлаб, бир қарорга келди – сотиб олади! Бозордан олсинми, ё автосалондан... Салондан олса, бироз кутишига тўғри келса-да, ишончлироқ. Шу мақсадда «Самарқанд автосавдо» МЧЖга келиб шартнома тузиб кетди ва 62 812 000 (олтмиш икки млн.саккиз юз ўн икки минг) сўм тўлаб, кун санай бошлади. Роппа-роса беш ойдан сўнг мойи артилмаган машина дарвозаси рўпарасида турибди-да!»
Ширин ҳаёлларга берилиб, ҳаш-паш дегунча айтилган муддат етиб келганини билмай ҳам қолди.
Хабар беришар, чақиришар...
Автосалонга қатнайвериб, салкам икки ойни ҳам ўтказиб юборди ва яқинларининг маслаҳати билан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 10-91 ишонч телефонига мурожаат қилди.
Ташкилот мутасаддиларининг аралашуви билан муаммолари ижобий ҳал этилди. Яна ҳам қизиқроғи, шартнома шартлари автосалон томонидан бузилгани, автомашина ўз вақтидан кечиктириб юборилгани учун (57 кун) амалдаги қонун талабларига кўра, пеня ундириш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар Соҳибжонни яна ҳам қувонтириб юборди.
Жорий йилнинг 6 август куни бўлиб ўтган фуқаролик ишлари бўйича, Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур иш кўрилиб, суд истеъмолчи фойдасига ҳукм чиқарди. Суд қарорига қўра, «Самарқанд автосавдо» МЧЖ шартнома шартларини бажармагани, шартнома муддатини 57 кун кечиктириб юборгани учун фуқарога 12 562 444 (ўн икки млн.беш юз олтмиш икки минг сўмдан зиёд) сўм миқдорда пеня тўлайдиган бўлди.
Гулчеҳра Бердиёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter