«Арафа» ҳақидаги баҳс-мунозараларга муносабат билдирилди
Шу кунларда мўмин-мусулмон халқимиз узоқ йиллардан буён истеъмолида қўллаб келган Рамазон ҳайитидан аввалги кунни «Арафа» дейиш масаласида турли баҳс-мунозаралар кенг тарқалмоқда. Ушбу хабарларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси муносабат билдирди.
«Кейинги пайтларда диний ва урфий мавзуларда одамлар ўртасида турли тушунмовчиликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Куннинг мавзусига келадиган бўлсак, Рамазон ойи ниҳоясидаги кунни арафа дейишни рад этиш ҳақида чиқишлар кўпайиб кетди.
Маълумки, Қурбон ҳайитидан олдинги кун алоҳида Арафа куни деб номланади. Бу ҳаммага аён, қўшимча изоҳга эҳтиёж йўқ. Аммо, Рамазон ҳайити олдидаги кунни арафа куни дейилиши урфга биноан айтилади. Халқимизда, нафақат Рамазон ҳайити олдидан, балки тўй арафасида, байрам арафасида, имтиҳон арафасида ва ҳоказо ибораларни ишлатиш одат тусига кирган.
Демак, Рамазон ҳайитидан бир кун олдинни «ҳайит арафаси» маъносида «Арафа», дейиш худди бирор муҳим воқеа-ҳодисага яқин фурсатни «фалон воқеа арафасида» деб айтиш кабидир. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ҳам «Арафа» сўзи Макка шаҳри яқинидаги тоғ номи, Қурбон ҳайитидан олдинги кун каби маъноларни ифодалаш билан бирга байрам ёки бирор тантанали кундан олдинги кун сифатида ҳам келиши баён этилган.
Хуллас, Рамазон ҳайитидан аввалги кунни арафа дейиш ва яхши одатларни қилиш урфда мавжуд. Урф эса, шариатга зид бўлмаса эътиборга олинади. Бу кунда қўшнилар бир-бирларига таом улашиши каби яхши одатлар ҳам бор. Зеро, улуғ алломаларимиз «Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир», деганлар. Ҳадиси шарифда «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», дейилган.
Шу билан бирга мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ҳайити арафаси билан ўзаро бир-бирларини муборакбод этишларида ҳам шаръий монелик йўқ. Зеро, бу худди жума билан муборакбод этиш каби хайрли одатлардан саналади.
Шундай экан, улуғ айём кайфияти кезиб юрган файзли дамларда турли мавзуларни кўтариб чиқиб, инсонларни байрам тадоригидан чалғитиш дуруст эмас. Аксинча Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга байрам қилиб берган икки ийдни ҳар қанча кенг нишонласак, мўмин-мусулмонларга хурсандчилик улашсак, шунча манфаатли бўлади», дейилади муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter