Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда коллеж ўқитувчиси 700 минг сўм билан қўлга тушди

Андижонда коллеж ўқитувчиси 700 минг сўм билан қўлга тушди

Фото: «Ratel.kz»

Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси шу йилнинг 2 март куни Ҳусанбой Ҳотамхонов ўз ўқувчисидан 700 минг сўм пул олаётганда қўлга тушган. Бу ҳақда коллеж ўқитувчилари «Xabar.uz»га хабар қилди.

Ўқитувчиларнинг айтишича, коллежда коррупция билан боғлиқ муаммолар кенг қулоч ёйган. Ўқувчилар дарсга қатнашмаслик эвазига ўқитувчиларга пора бериши одатий ҳолга айланган. Ўқитувчи Ҳ.Ҳотамхонов ҳам дарсга қатнашмаган ўқувчисидан пул талаб қилгандан сўнг Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ушбу маълумотни Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходими ҳам тасдиқлади. «Коллеж ўқитувчисининг 700 минг сўм билан қўлга олингани рост. Ҳозир суриштирув ишлари олиб бориляпти. Лекин унга нисбатан ҳозирча жиноят иши қўзғатилгани йўқ. Чунки бу ҳолат порахўрлик эмас, фирибгарлик дея баҳоланиши ҳам мумкин. Йигит ёш экан, хато қилгани аниқ», — дейди департамент ходимларидан бири Муталлибжон Каримов.

Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи

«Xabar.uz»га бу ҳақда маълум қилган коллеж ходими бу ишларда коллеж раҳбари Ўткир Раҳмоновнинг каттагина ҳиссаси борлиги, таълим муассасасида порахўрлик ва «йиғ-йиғ»лар авжига чиққанини таъкидлади. «Ремонтга, пардага, светга, кўчатга, гулга каби «йиғ-йиғ»лар ўқитувчилар тугул ўқувчиларни ҳам бездириб юборди. Ҳаттоки, давлат томонидан ўқувчиларга бепул бериладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари учун ҳам 300 минг сўмдан пул йиғиб олишди. 180 нафар ўқувчидан йиғилган пул мутасаддилар ўртасида ўзаро тақсимлаб олинди. Россияга ўқишга кетган ўқувчиларнинг ведомостига ҳам баҳо қўйиб берилаверади. Уларга пул бўлса бўлди.

Коллеждаги дарс соатлари «аукцион»га қўйилади. Ҳаммаси очиқча — қайси ўқитувчи кўп пул берса, унга кўпроқ дарс соати ажратилади. Бу бўйича тегишли ташкилотларга қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолди. Коллежни жиноятлар маконига айлантириб юборганлар қачон ўз жазосини олади?», — дейди коллеж ходимларидан бири.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг