Андижонда ИИБ капитанини калтаклаганлардан бири топилди. Бироқ қамоққа олингани йўқ
Андижонда Ички ишлар органи капитани икки нафар фуқаро томонидан калтакланганидан хабарингиз бор.
Ҳолат юзасидан Х.Б. ва Х.Э. деган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилгани, гумондорлар қидирувга берилиб, ушланган заҳоти қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиши белгилангани ҳақида ҳам хабар берилганди.
Мазур жиноят иши бўйича қўшимча маълумотлар пайдо бўлди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жабрланувчига нисбатан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг хулосаси аён бўлди. Яъниким, ИИБ капитанида «бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, чап томон ғалвирсимон суяк катакчаларининг ёпиқ синиши, бурун тўсиғининг травматик қийшайиши, чап кўз қовоқлари қонталаши, тери ости гематомаси, чап кўз олмаси 2-даражали контузияси, чап чакка соҳаси шилинган жароҳатлари» аниқланиб, мазкур тан жароҳатлари ҳаёт учун хавфлилик даражасига кўра, «ўртача оғир» тан жароҳатлари туркумига кириши кўрсатилган.
Иккинчи янгилик шуки, терговга келишдан бўйин товлагани учун қидирувга берилганлардан бири - Х. Э. топилган! Айтилишича, у коронавирус юқтириб даволанаётганлиги сабабли терговга кела олмаган (ҳамкасбининг башарасини «бежаган» шахс шундоқ бурни остидаги эканига қарамай ИИБ ходимлари уни қаерлардан қидиришган - бу энди катта савол -таҳр.). Унинг касалликдан кейинги ҳолати ва оила аъзолари томонидан 30.000.000 сўм гаровга қўйганидан келиб чиқиб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси С.Ғ. ўзининг бошқарувида бўлган «Дамас» билан (бошқарувни йўқотиши натижасида) йўл четидаги «Спарк»ка бориб урилади. Бунга жавобан «Спарк» ичида бўлган Х.Б. (ҳайдовчи) ва унинг ёнидаги Х.Э. ИИБ капитани С.Ғ. билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказишганди.
Юқоридаги баёнлардан англашиладики, спортчи экани айтилаётган Х. Э. топилган. Айни пайтда «Спарк» ҳайдовчиси Х. Б. қидирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter