Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Қодиров Жириновскийга санкция жорий қилишни таклиф этди

Алишер Қодиров Жириновскийга санкция жорий қилишни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП МК раиси Алишер Қодиров мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини қайд этди.

«Уинстон Черчилль «...аккиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади», деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак. Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим:

Биринчидан, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўсига зарар беради. Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади;

Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш хақида эмас, тарқалиб кетмаслик хақида кўпроқ бош қотираяпти. Шу сабабли, Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман;

Учинчидан, сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллашмоқда. Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?

Марказий Осиёда яшаётган рус ватандошларимизнинг маҳаллий аҳоли билан муносабати бузилишига айнан шу каби калтабин баёнотлар сабаб бўлмоқда.

Менимча, биз ҳам мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак», деб ёзади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Aлишер Қодиров Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг