Аҳолидан газ учун йиғилган пулларни ўзлаштирган шахс ушланди
2020 йилнинг январь ойида Самарқанд газ таъминоти филиали билан Пастдарғом туманида фаолият юритувчи хусусий корхона ўртасида икки томонлама, яъни аҳоли томонидан табиий газ учун тўланган тўлов пулларини қабул қилиб, ҳисоб рақамларига ўтказиш бўйича шартнома тузилган.
Шартнома шартларига кўра, хусусий корхона иш бошқарувчиси 29 ёшли Б.Б., Пастдарғом тумани газ таъминоти бўлимининг маъмурий биносида туман аҳолисидан табиий газ учун тўловларни нақд пул шаклида қабул қилиб, фуқароларга муҳрланган тўлов квитанцияларини тақдим қилиши ва пул маблағларини газ таъминоти филиали ҳисоб рақамига ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши лозим бўлган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беришича, 2020 йилнинг август ойи давомида хусусий корхона иш бошқарувчиси Б.Б., Пастдарғом туманида яшовчи жами 264 нафар фуқаролардан табиий газ истеъмоли учун тўлов қилинган умумий 59.322.000 сўм миқдоридаги пулларни қабул қилиб олиб, уларга муҳрланган квитанциялар тақдим қилган бўлса-да, ушбу пул маблағларини газ таъминоти филиали ҳисоб рақамига ўтказмаган. У ғараз ниятда Пастарғом тумани газ таъминоти бўлимининг масъул ходими 25 ёшли Ш.Ў. билан жиноий тил бириктириб, сохта маълумотларни киритиб, ушбу пул маблағлари газ таъминоти филиалининг ҳисоб рақамига тушганлигини кўрсатиб, ўзининг жиноий қилмишларини яширган ва фуқароларнинг пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter