Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазири: «Ишонаманки, «Умид»чилар ўз куч-ғайратларини аяшмайди»

Адлия вазири: «Ишонаманки, «Умид»чилар ўз куч-ғайратларини аяшмайди»

Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

«Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари» мавзусидаги биринчи «Umid Reunion 2.020» халқаро конференциясининг очилиш арафасида ўша машҳур «Умид» жамғармасининг таниқли битирувчиларидан бири – халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг ўқув йилларидаги хотиралари ва жамғарма унинг ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида сўзлаб берганди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Ушбу анжуманнинг очилиш маросимида адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам нутқ сўзлаб, «Умид» жамғармаси халқимиз ва давлатимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, катта умиди сифатида ташкил қилинганлиги билан аҳамиятлидир. Ишонаманки, ушбу битирувчилар олиб борилаётган ислоҳотларда президентимизга камарбаста бўлиб, ўз куч-ғайратларини аяшмайди», дея таъкидлади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Р.Давлетов иштирокчилар эътиборини мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш борасида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигига эришиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига қаратди.

Хусусан, 2018 йилдан Парламентда тарихда илк бор «ҳукумат соати» – Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш институти жорий этилди.

2018 йил ташкил этилган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги маъмурий ислоҳотларнинг амалий натижаларидан бири бўлди. Бугун давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга жами 120 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. 2020 йилда эса уларни сонини 160 тадан ошириш режалаштирилмоқда.

Яқинда Бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилишга оид қарор имзоланди. Эндиликда 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат идоралари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда амалга оширилади.

«Сўз эркинлиги соҳасида ҳам, тан олиш керак, туб бурилиш юз берди. Мазкур ўзгаришлар юз бериши учун алоҳида қонунлар қабул қилинмади. Жамиятнинг ўзи шаффофликни талаб қила бошлади, ОАВ ҳам жамият муаммоларини ёритишда дадилроқ бўла бошлади. Бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда. Натижада, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда, керак бўлса, мансабдор шахслар уларни фикри билан ўртоқлашишга мажбур бўлмоқдалар», дея таъкидлаб ўтди адлия вазири.

«Umid Reunion 2.020» халқаро конференцияси иштирокчилари

Шу билан бирга, Р. Давлетов мамлакатимизни модернизация қилиш йўлидаги вазифаларни санаб ўтди:

Биринчиси — қонунчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масаласидир. Шу жумладан, бевосита амал қилувчи қонунларнинг қабул қилиш, қонун ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлаш, қонуности ҳужжатларни камайтириш кераклиги айтиб ўтилди.

Иккинчиси — ҳаётимизни барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш. Жаҳон адолат лойиҳаси (World Justice Project) ташкилотининг «Қонун устуворлиги индекси»да 126 мамлкат орасида Ўзбекистон 94-ўринда эканлиги ҳам ушбу соҳада олдимизда кўплаб вазифалар турганлигидан дарак беради.

Учинчиси — суд тизимини янада ислоҳ қилиш. Ўзбекистонда 23 810 нафар кишига 1 нафар судья тўғри келса, Францияда 11 000 кишига, АҚШда 9 000 кишига, Германияда 4 000 кишига 1 нафар судья тўғри келади. Бу борада алоҳида эътиборни судларнинг институционал ва функционал мустақиллигини таъминлаш,  низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари (арбитраж ва медиация)дан кенг фойдаланиш орқали судьялар иш юкламасини камайтириш,  халқ маслаҳатчилари институтини тубдан ислоҳ қилиш орқали жамоатчилик назоратининг янги механизмини жорий қилиш каби таклифлар илгари сурилди.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда. Анжуманда 300 нафардан ортиқ, шу жумладан, айни вақтда хорижда яшаётган 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. Форум мамлакатни демократик янгилаш, таълим, сармоявий иқлимни яхшилаш, инновацион ривожланиш ва қишлоқ хўжалигига бағишланган бешта секцияда ўтказилади.

Бугун адлия вазири Р.Давлетов «Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш» секциясида модераторлик ҳам қилади. Анжуман иштирокчилари илгари сурган таклифлар давлат органларига тақдим этилади.

Маълумот учун: 1997 йил 7 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан истеъдодли йигит-қизларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Умид» жамғармаси тузилган. Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ушбу жамғарма кўмагида таҳсил олган илк қалдирғочлардан бири ҳисобланади.

Жамғарма кўмагида 1997—2003 йиллар давомида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия)нинг бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида жами бўлиб 828 нафар истиқболли ёшлар таҳсил олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг