«Адлия ахбороти» брифинги бўлиб ўтди
Қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Адлия ахбороти» брифинги ташкил этилди.
Унда ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 12 та қонун ҳужжати, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ОАВ вакилларига батафсил маълумот берилди. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 21 майдаги «2018/2019-ўқув йилида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига қабул тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган янгиликлар ҳақида тўхталинди. Таъкидланишича, мазкур қарор билан:
- 2018/2019-ўқув йили Давлат бошқаруви академиясининг магистратура босқичига 60, шу жумладан давлат гранти асосида 24 киши, тўлов-контракт асосида 36 киши қабул қилинади.
- Бошқарув кадрларини «Давлат бошқаруви» мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларига жами 120 киши қабул қилинади.
Бундан ташқари, маърузачи, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 23 майда қабул қилинган «Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинаётганини билдирди.
Брифингдан сўнг Ўзбекистон Президентнинг 2018 йил 25 майда қабул қилинган «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб:
- кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади (энди тузилган ижара шартномасини фақатгина давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш лозим бўлади);
- нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат этганларнинг шахси бирмоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали аниқланади.
- Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади:
- жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса;
- васиятномаларни имзолаш.
Қарор билан нотариуслик учун стажировка ўташ муддати икки йилдан бир йилга қисқартирилди.
Судьялик лавозимида камида беш йил ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар стажировка ўтамасдан нотариус бўлиш учун ҳужжатларини топшириши мумкин.
Матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ вакиллари ва нотариуслик учун стажировка ўтаётган мутахассислар соҳадаги камчиликлар, уларни бартараф этишга қаратилган янгиликлар хусусидаги саволларига жавоблар олишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter