Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Заргарлик саноати миллий иқтисодиётимизнинг «олтин» драйверига айланиб бормоқда

Заргарлик саноати миллий иқтисодиётимизнинг «олтин» драйверига айланиб бормоқда

Яқингача Ўзбекистон дунёнинг энг йирик олтин захираларига эга саноқли давлатларидан бири сифатида эътироф этилган бўлса, бугун жаҳон бозорининг қимматбаҳо стендларида миллий заргарлик брендларимиз муносиб жой эгаллаб бормоқда. Соҳа ривожига давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор натижасини иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди.

Хусусан 2020 йилда айни йўналишдаги ишлаб чиқарувчилар 124 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда уларнинг сони қарийб 448 тага етган. Заргарлик маҳсулотларининг экспортдаги улуши 2020 йилда 2.7 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йил якунида бу кўрсаткич 36 млн.$ ни қайд этди.

Албатта эришилган натижалар замирида соҳани ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш тизими муҳим аҳамият касб этади. 2021 йилнинг 22 февралида қабул қилинган қарор заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга замин яратган бўлса, 2022 йилнинг декабрида мазкур соҳадаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яна бир ҳуқуқий асоси қабул қилинди. Мазкур қарор заргарлик корхоналарига бир қатор қулайликлар яратиш билан бирга, қимматбаҳо металларни товар хом-ашё биржасидан кечиктириб тўлаш шарти билан сотиб олиш имконини ҳам яратди.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Gold Moon Tashkent» МЧЖ «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан тақдим этилаётган банк кафолатидан фойдаланиб келмоқда. Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

– Бугунги кунда маҳсулотларимизнинг тури 5000 га етди. Айтишим керак, ишлаб чиқариш жараёнида Италия, Туркия ва Дубай маҳсулотларининг энг сўнгги моделларини халқимизга тақдим этиб келяпмиз. Натижада республика бўйича ташкил этилган савдо тармоқлари сонини оширишга имконият пайдо бўлди. Эндиликда ҳудудлардаги 21 та дўконимиз орқали заргарлик маҳсулотларини мижозларга етказиб беряпмиз. Бундан ташқари, АҚШ, Дубай, қолаверса, қўшни республикаларга ҳам экспорт қилиш имконига эгамиз. Таъкидлаш керак, соҳада қабул қилинаётган янгидан-янги қарорлар фаолиятимизни янада кенгайтириш ва ривожланишга сабаб бўлмоқда. Масалан, Ўзмиллийбанкнинг кафиллик хати асосида заргарлик буюмлари учун Олмалиқ кон металлургия комбинатидан харид қилинган хом-ашё учун тўловни 6 ой муддатга бўлиб тўлаш шарти жорий этилди. Албатта бу биз учун катта имкониятдир, – дейди сотув бўлими раҳбари Беҳзод Солиҳов.

Ушбу имтиёз нафақат йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар балки якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бирдек амал қилади. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси таркибида фаолият юритиб келаётган 60 га яқин хусусий ишлаб чиқарувчилар ҳам бугун ушбу қулайликдан фойдаланиб келишмоқда.

– Бугун мазкур соҳа чиндан ривожланмоқда. Нафақат катта корхона ва заводлар учун, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам кенг қулайлик яратилмоқда. Хусусан, заргарлик маҳсулотлари таъминоти масаласида бизни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш энг муҳимидир. Эндиликда тўғридан-тўғри шартнома ёки биржа савдоси орқали олинган хом ашё учун тўловни 18 ойга кечиктириб тўлашлари ҳам мумкин. Бу шубҳасиз, тадбиркорларнинг янги режалари учун муҳим бўлади, – дейди «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг инвестиция ва инновацион лойиҳалар бўлими бошлиғи Сирож Шарипов.

Жорий йилда заргарлик соҳасида 60 та янги замонавий корхоналарни ишга тушириш, қиймати 1.9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулот ҳажмини 6800 кгга етказиш вазифаси белгиланган. Тақдим этилаётган банк кафолати ва қатор имтиёзлар ушбу мақсадлар ижросини самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг