Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония 246 млн долларлик лойиҳа доирасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди

Япония 246 млн долларлик лойиҳа доирасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди

19 февраль куни Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов  алмашинув нотасини имзолади.

37 млрд иена (тахминан 246 млн 235 минг АҚШ доллари) миқдоридаги «Барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш дастурлари» Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни дастаклашга қаратилган.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва JICAнинг юртимиздаги ваколатхонаси ушбу лойиҳа бўйича кредит шартномасини тасдиқлади.

Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳадан кўзланган мақсад нафақат бозор иқтисодиётига ўтишга қаратилган ислоҳотларнинг узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий интеграция ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ҳамдир.

2022 йил декабрь ойида Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё+Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилишида Япония эркин ва очиқ Марказий Осиёда барқарор тараққиётга эришиш мақсадида янги ҳамкорлик моделини илгари сурган эди. У инсон ресурсларига сармоя киритиш ва ўсиш сифати каби йўналишларни ўз ичига олади. Янги лойиҳа айнан ўсиш сифати йўналишига тегишлидир.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил январь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигига доир 14 та ҳужжат имзоланди.

2022 йил декабрь ойида ташқи ишлар вазирлари учрашувида Япония томони Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга шай эканини билдирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг