Янги давлат қўмитаси ташкил этилди. Тўртта институт унинг таркибига ўтказилди
Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ-5696, 28.03.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Фармон билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Қўмита ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Қуйидагилар Қўмита таркибига ўтказилди:
- Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;
- Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;
- Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;
- Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.
Қўмита ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «Ўзбекчорванасл» агентлиги ташкил этилди.
2020 йил 1 январдан:
- 100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади;
- қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;
- туман ҳокимлари келгуси йилга озуқа экинларини жойлаштириш режасини «Ўзбекчорванасл» агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter