Халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишламаяпти. Нима қилиш керак?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишламаётгани ва бундан пайдо бўлаётган норозиликлар ҳақида кўп ёзилмоқда.
«Davletovuz» каналининг қайд этишича, пул ўтказмалари тизимларининг Рождество ва Янги йил байрамлари арафасида йиллик инвентаризация ва якуний клиринг мақсадларида бир неча кунлик танаффус олиши ҳар йили юз берадиган амалиёт. Шу билан бирга, пул ўтказмалари операторларига хизмат кўрсатувчи банкларнинг (уларнинг корреспондентларининг) Янги йил арафасида таътилга чиқиб кетиши ҳолати мавжудлигиниям инобатга олмоқ жоиз.
Яна бир омил ўзбек банкларининг пул ўтказмалари тизимлари бўйича онгли равишда катта хатарга боришни истамасликлари ҳисобланади. Бу табиий. Операторга хизмат кўрсатувчи банкларнинг таътилда бўлган кунларида ўзбек банкларининг пул ўтказмалари бўйича ҳақдорлиги бир неча ўн миллион долларга етади. Масалан, «Золотая корона» ёки «Юнистрим» каби русларга тегишли тизимларнинг 5 йил аввалги «Мигом» тизимининг ёпилиши каби бир кунда фаолиятини тўхтатиши мумкинлигидан ҳеч ким суғурталанмаган. Саналган тизимларнинг Ўзбекистон банкларида жойлаган суғурта депозитлари эса бир неча соатлик ўтказмаларни қоплашга ҳам етмайди. Мана шунақа аҳвол.
Пул ўтказмалари тизимлари бўйича операцияларнинг вақтинча тўхтатилиши борасидаги хабарномалар ўзини ва мижозларини ҳурмат этадиган банклар томонидан бир неча кун муқаддам маълум қилинган. Буни уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, сайтларида ҳам кўриш мумкин.
Айтганча, шунақа пайтлар онлайн ўтказмалардан фойдаланиш мазкур муаммони ҳал этишда қўл келади. Масалан, «Алоқабанк» томонидан 26 декабрда «Золотая Корона» билан жорий қилинган онлайн ўтказмалар хизмати орқали мобиль дастурдан бир неча сонияларда картага сўмда пулни тушириш мумкин. Банкка боришнинг ҳожати ҳам йўқ, деб ёзмоқда блогер.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter