Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 мегаваттли қуёш станциялари қуриши қўллаб-қувватланади
Жиззах вилоятидаги йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятида камида 2 минг мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.
Жумладан, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 мегаваттли, Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли хонадонларига 8 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади.
Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.
Зафарободда бу йил жами 2 мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади.
Давлатимиз раҳбари Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар кўп эканини қайд этиб, буни камайтириш, вилоятда 4 мингдан зиёд корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter