Селитра, карбамид, аммиак — «Maxam-Chirchiq» фаолиятига назар
«Maxam-Chirchiq» акциядорлик жамияти мамлакатимиз кимё саноатининг дастлабки вакили ҳисобланади. Жорий йилда корхона ташкил топганлигининг 80 йиллиги нишонланади.
2007 йилда корхона акцияларининг 49 фоизини Испаниянинг «MAXAM Corp.» компанияси сотиб олди.
«Maxam-Chirchiq»да кейинги йиллар мобайнида карбамид цехида технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими жорий этилди. Ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш дастури бўйича электр энергия билан таъминловчи трансформаторларга энергия тежовчи ускуналар ўрнатилди. Аммиак ишлаб чиқариш цехини бошқариш автоматлаштирилди. «Зичлиги паст аммоний нитрат (ғовакли селитра) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси асосида корхонада ғовакли селитра ишлаб чиқариш цехи қурилиб, ишга туширилди. Ҳозирги кунда бу цех маҳсулотининг деярли 90 фоизи экспортга йўналтирилган.
Корхонада «Хом-ашё тайёрлаш ускуналарини реконструкция ва модернизация қилиш орқали минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш» лойиҳаси амалга оширилди. Натижада аммиак ишлаб чиқариш учун сарфланадиган электр энергияси ва табиий газни тежашга эришилди.
Бугунги кунда корхонада карбамид, аммиак селитраси, аммоний сульфати, турли кислоталар, кимёвий реагентлар сингари қирқ хилдан ортиқ минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар тайёрланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида магний сульфати, магний нитрати, модификациялаштирилган ғовакли селитра, калий сульфати, олтингугурт-магний қўшилмали карбамид сингари янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Айни кунда корхона маҳсулотлари дунёнинг 16 та давлатига экспорт қилинмоқда.
Охирги йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф- муҳитга таъсири сезиларли даражада камайди. 2019 йил якунларига кўра атмосфера ҳавосига ташланувчи зарарли моддалар белгиланган чегаравий меъёрдан 3,9 маротаба камайишига эришилди.
Ҳаво ҳавзасини узлуксиз назорат қилиш учун «Maxam-Chirchiq»АЖ да «Чилгерт» туридаги 11 дона газ таҳлил ускуналари ўрнатилган.
Маълумотлар назорат асбобларидан ҳақиқий вақт режимида (онлайн) Ўзбекистон Респубикаси Ўзгидрометга берилади.
Корхонанинг санитар лабораторияси ходимлари томонидан корхона санитарария-ҳимоя зонасини ҳамда Чирчик шаҳар ва унга ёндош ҳудудларини атмосфера ҳавосини назорати 2 та махсус эколаборатория автомашинасида ҳар икки соатда замонавий «ЭКОЛАБ» газоанализатори орқали амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг март ойи «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида «Кўкаламзорлаштириш ойлиги» деб эълон қилинди. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, «Maxam-Chirchiq» акциядорлик жамияти ва унга ёндош худудларда экилган дарахтларнинг умумий сони - 13294 дона бўлиб, улардан мевали дарахтлар сони 1274 дона, манзарали дарахтлар сони 12020 тани ҳамда экилган мавсумий гуллар сони -12000 тани ташкил этади.
«Кўкаламзорлаштириш ойлиги» лойиҳаси доирасида корхона ва унга ёндош ҳудудларда экиладиган дарахтлар сони 5500 донани, гуллар - 40 000 донани ташкил этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter