Президент саноатни маҳаллийлаштириш ҳолатини танқид қилди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 17 сентябрь куни саноатни маҳаллийлаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда саноатни замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
– Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак, – деди давлат раҳбари.
Жорий йилнинг ўтган даврида янги лойиҳалар доирасида бор-йўғи 1 миллиард долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилгани қониқарсиз деб баҳоланди. Бу борадаги ишлар суст ташкил этилган “Ўзмахсусмонтажқурилиш” акциядорлик компанияси, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти каби корхоналар фаолияти танқид қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалий чоралар кўриш, электрон кооперация порталини тезроқ ишга тушириб, саноат маҳсулотлари етказиб бериш шартномаларини электрон тузиш кўламини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кескин кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Жорий йилда ҳудудий импорт ўсиши тармоқлардагига нисбатан 2 баробар юқори бўлиши кузатилмоқда. Бу ҳудудларда ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш учун катта эҳтиёж борлигини яққол кўрсатади.
Масалан, яқинда соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тўртта шаҳарга бориб, Ангренда 38 та, Навоийда 13 та, Наманганда 29 та ва Чирчиқда 18 та янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини шакллантирди.
Шу тартибда ҳар бир ҳудуд бўйича маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тайёр ер майдонлари, бинолар ва инфратузилмага эга бўлган кичик саноат зоналари бу борада катта имконият яратади. Лекин юртимиздаги 156 та ана шундай зонадаги лойиҳаларнинг атиги 13 фоизи маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган. 80 та шаҳар ва туманда бирорта ҳам мазкур турдаги ҳудуд ташкил қилинмаган.
Мутасаддиларга барча кичик саноат зоналарида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш, ўша 80 та шаҳар ва туманда шундай зоналар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Чунки жойларда четдан валютага олиб келинган технологиялар ишлатилмай турган кўплаб ҳолатлар аниқланган. Бунга ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш, коммуникация тармоқларига улаш каби масалалар тўсиқ бўлган.
Бош вазир ва Ҳисоб палатаси раҳбарига ушбу йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилар экан, бундай лойиҳаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик бериш ва кредит фоиз ставкасини қисман қоплаш тизимидан самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, божхона тўловларини 120 кунгача узайтириб тўлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирган корхоналарнинг тайёр маҳсулотларини сертификатлаш ва стандартлаштириш масалаларида кўмаклашиш мумкинлиги қайд этилди.
Давлат харидларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва рағбатлантириш, ташқи савдони тариф усули билан бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам устувор вазифалар белгиланди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter