Президент ўзаро савдони рағбатлантириш таклифини берди
Президентимиз ИҲТнинг асосий ҳужжати бўлган «Истиқболлар – 2025» ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлади.
Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035» концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу муҳим ҳужжатда эътибор қаратиш лозим бўлган асосий йўналишларни кўрсатиб ўтди.
«Биринчидан, ўзаро савдони рағбатлантириш. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда», - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан Президент Ўзбекистон экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди. Унда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter