Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев нега бир йилда уч марта Сурхондарёга борганини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев нега бир йилда уч марта Сурхондарёга борганини маълум қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

«Халқимиз яхши ҳаёт кечирсин, оғири енгил бўлсин, деб Сурхондарёга шу йилнинг ўзида учинчи маротаба жуда катта ниятлар ва аниқ режалар билан келдим», — деди давлатимиз раҳбари.

Кеча Президент Сурхондарёдаги 3,3 миллиард долларлик 4 та янги йирик саноат лойиҳалари билан батафсил танишди. Жумладан, Бойсундаги қарийб 3 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасини ишга тушириш ҳисобига:

- йилига 5 миллиард куб метр газ тозаланиб, 6 триллион сўмлик табиий газ ва олтингугурт ишлаб чиқарилади;

- вилоятга йилига ўртача 120 миллион долларлик экспорт тушуми қўшилади;

- геология қидирув ишлари кенгайтирилиб, яна 100 миллиард куб метр газ захиралари очилади, 2-3 йилда мамлакатимиз нефть бўйича тўлиқ мустақилликка эришади;

- ушбу мажмуада ҳозир 7 минг киши банд. Президент топшириғи билан мажмуа атрофида кооперация йўлга қўйилиб, қўшни туманлар аҳолиси учун ҳам камида 2 мингта юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Бу ерда 85 мегаваттли станция ҳам барпо қилинган. У нафақат мажмуа эҳтиёжи учун, балки бутун Бойсун аҳолисига етадиган электр ишлаб чиқаради.

Уч йил олдин Сурхондарёда электр генерацияси бор-йўғи 30 мегаватт бўлган.

Бу борада 165 миллион доллар инвестиция эвазига «Тўпаланг» ГЭСни модернизация қилиш, «Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» ГЭСларини ишга тушириш орқали қувватлар 251 мегаваттга етказилди. Уларга қўшимча яна бир лойиҳа – «Зарчоб-3» ГЭС қурилиши ҳам бошланаяпти.

Бу ҳали бошланиши, деди Президент. Тўпаланг дарёсининг юқори оқимида умумий қуввати 265 мегаватт бўлган яна 20 та ГЭС қуриш имконияти бор.

Шу билан бирга, 1 миллиондан ортиқ воҳа аҳолиси учун тоза ичимлик суви орзу бўлиб келаётганди. Қанчалик қийин бўлмасин, «Тўпаланг» сув омборидан Термиз шаҳри ва 11 та туманга тоза ичимлик суви олиб келинаяпти. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 2 миллион аҳолида туну-кун тоза ичимлик суви бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг