Ўзбекистон–Саудия Арабистони: ҳамкорликнинг ишга солинмаган имкониятлари маълум қилинди
2022 йилнинг икки ойи мобайнида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 бараварга ошди. Мамлакатимизда Саудия капитали иштирокида тузилган корхоналар сони тўрт баробарга кўпайди. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган савдо, иқтисодиёт, инвестиция, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишга Ўзбекистон тарафидан бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Саудия Арабистони томонидан эса инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ раислик қилди.
Тадбир давомида икки мамлакат вакиллари устувор йўналишларда робиталарни кенгайтириш учун ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини эътироф этиб, кўпқиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга содиқлик изҳор этди. Бундан ташқари, изчил механизм ва аниқ муддат кўрсатган ҳолда яқин истиқболда ўзаро товар айланмасини бир неча баравар кўпайтириш бўйича қўшма амалий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқишга келишилди.
Мамлакатимизда анъанавий ва муқобил энергетика соҳасида саудиялик инвесторларнинг кенг кўламли лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 17 декабрь куни «ACWA Power» компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилиши хусусида битим имзоланганди.
«ACWA Power» анъанавий ва муқобил энергетика соҳасида Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори саналади. Ширкатнинг инвестиция портфели умумий қиймати 2,5 млрд доллардан зиёд 4 та лойиҳадан иборат.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида IT, электроника, фармацевтика, биотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил, кимё ва нефть-кимё саноати сингари истиқболли соҳаларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истаги билдирилди.
Ўзбекистоннинг Араб оламидаги асосий ҳамкорларидан саналган Саудия билан ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 20 февраль куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter