Ўзбекистонда «Hyundai» компаниясининг енгил автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар йиғилиши мумкин
Кеча, 7 март куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.
Форумда иштирок этган «Evergreen Motor Group» раиси Ким Чанг Кён Ўзбекистонда «Hyundai» компаниясининг енгил автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар йиғиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини маълум қилган.
– Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги муҳим савдо шеригидир, – деган Ким Чанг Кён. – Бу савдо-саноат, сайёҳлик, қурилиш материаллари, электротехника ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланиб, янада мустаҳкамланаётганида ҳам намоён бўлмоқда. Форум доирасида «Hyundai» компаниясининг енгил автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар йиғиш ва табиий ресурсларни қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик.
Бугунги кунда мамлакатимизда Жанубий Корея сармояси иштирокида тузилган 460 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Кореянинг 75 компанияси ўз ваколатхонасига эга. Ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошади. Жанубий Кореянинг Маркказий Осиё давлатлари билан маҳсулот айланмаси ҳажмининг аксарият қисми мамлакатимиз улушига тўғри келишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter